Ўзбекистонда ҳар йили хотин-қизлар орасида кўкрак бези саратони билан касалланиш бўйича 4 мингта янги ҳолат аниқланади. Бачадон бўйни саратони бўйича эса йилига 2 минг янги ташхис қўйилади. Мазкур касалликлар ҳақида кеч хабар топиш ва муолажаларни ўз вақтида олмаслик соғайиш имкониятини пасайтиради. “Sog‘lom hayot” подкастининг навбатдаги сонида cаратоннинг ушбу турларини эрта аниқлаш, уй шароитидаги профилактика ҳамда даволаниш учун давлат томонидан бериладиган имтиёзлар ҳақида сўз боради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ одам саратон касаллиги билан яшайди. Ҳар йили 20 мингдан ортиқ янги ҳолатлар аниқланади.

Халқаро саратон тадқиқот агентлиги (IARC) ҳисоботида қайд этилишича, мамлакатда ҳар йили ўртача 100 минг кишига 112,7 та янги саратон ҳолати тўғри келади. Бу дегани ҳар 100 минг аҳолининг 113 нафарига йил давомида саратон ташхиси қўйилади. Ўлим ҳолатлари бўйича эса бу кўрсаткич 71,5 тани ташкил этади, яъни 100 минг кишидан қарийб 72 нафари саратон касаллиги оқибатида вафот этади.

Аёллар орасида энг кўп учрайдиган онкологик касаллик тури кўкрак бези саратони ҳисобланади. Ҳар 100 минг аёлдан 27,8 нафари шу хасталикка чалинади, уларнинг 13 нафари эса ушбу касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмади.

Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги “Натижаларга эришишни бошқариш” гуруҳининг жамоат саломатлиги бўйича мутахассиси, гинеколог Дилфуза Аниёзованинг айтишича, сўнгги йилларда кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони каби касалликлар ёшлар орасида ҳам учраяпти ва кўпинча кеч босқичда аниқланяпти, бу эса ташвишли ҳолат.

Ўзбекистонда ҳар йили тахминан 4 мингта янги кўкрак бези саратони ва 2 мингта бачадон бўйни саратони ҳолати аниқланади. Уларнинг ярмидан кўпи оғир оқибат билан якунланади”, – дейди Дилфуза Аниёзова.

Кўкрак бези саратонининг дастлабки босқичлари кўпинча сезилмайди, лекин айрим белгилар пайдо бўлса, уларга эътибор бериш жуда муҳим. Масалан, кўкрак шаклининг ўзгариши ёки бир томони катталашиши, терида қизариш, буришиш ёки лимон пўстига ўхшаш ғадир-будир кўриниш ҳосил бўлиши, сўргичдан суюқлик, айниқса, қонли ажралма чиқиши хавф белгиси бўлиши мумкин. Шунингдек, қаттиқлик ёки шиш юзага келиши, оғриқ, сўргичнинг ичкарига тортилиши, қўлтиқ остидаги безларнинг катталашиш ҳолатлари ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.