Жаҳон | 14:39 / 20.12.2016
4504
2 дақиқада ўқилади

Пекин аэропортида смог туфайли 250 дан ортиқ рейс бекор қилинди

Пекиндаги “Шоуду” халқаро аэропортида смог сабаб бекор қилинган рейслар сони 256 га етди, яна 273 рейс кечиктирилди. Бу ҳақда Хитой Миллий радиоси хабар берди.

Радио маълумотларига кўра, аэропортда кўриш масофаси 200 метрни ташкил қилмоқда. Хитой ҳукумати эса ўтган ҳафта охирида Пекин ва Тяньцзин, шунингдек яна 20 та шаҳарда ҳаво ифлосланиши сабаб “қизил” даражани эълон қилган. Алоҳида режим 16 декабрдан бошлаб амал қилмоқда. Уни 21 декабрга ўтар кечаси бекор қилиш режалаштирилган.

Маҳаллий вақт билан соат 15.00 даги маълумотларга кўра, Пекин ҳавосидаги зарарли зарралар миқдори бир куб метрга 451 микрограммни ташкил қилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эса хавфсиз деб бир куб метрга 25 микрограмм тан олинган.

Шунингдек, Синьхуа агентлигининг хабар беришича, Пекиндаги тезкор автомагистрал ва ҳалқа йўлларининг бир қисми ҳам ёпилган. 

Аввалроқ, “Шоуду” аэропорти маъмурияти смог сабаб “қизил” даражани эълон қилганди. 19 декабрь соат 22:00 дан 21 декабрь 8:00 га қадар барча авиарейсларнинг тахминан 80 фоизи бекор қилинган. 

Мавзуга оид