Жамият | 15:34 / 03.01.2017
9567
2 дақиқада ўқилади

7,5 миллион сўмдан ошиқ нафақа пулларини ўзлаштирган маҳалла раиси фош этилди

Фото: ZN.ua

Каримжон Бобоев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) маҳалладошлари билдирган ишончи оқлай олмади. Негаки, унинг аввалги фаолияти ён-атрофдагилар наздида фидойиликнинг бир кўриниши бўлган экан.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, бир неча йил аввал маҳаллага раис сайланаётганда унга ишонч билдиришди, оқсоқол сифатида маҳалла аҳлининг “иссиқ-совуғи”да бирга бўлади, деб ўйлашда.

Каримжон-чи?... Бир муддат ана шу ишончни оқлаш кўйида елиб-югургандек бўлди. Кейинроқ эса қабулига нафақа пули тайинлаб беришни илтимос қилиб келувчилар кўпайди-ю, ўзгарди-қолди. Қандай бўлмасин, ана шу пулларга эга чиқиш, қўлга киритиш ҳақида бош қотира бошлади. Ишончни унутди.

Ниҳоят, йўлини топгандек бўлди. У 2014 йилнинг январь ойидан декабрь ойига қадар маҳаллага ижтимоий нафақа сўраб ариза берган фуқароларга нафақа тайинлангач, уларнинг пулларини ўзлаштириш ҳаракатига тушди. Бунга эришди ҳам. Яъни у ана шу муддат ичида етти нафар фуқарога қайдномаларни қалбакилаштирган ҳолда 7 млн. 649 минг сўмлик ижтимоий нафақа тайинлаб, ушбу пулларни қўлга киритди.

Афтидан, К.Бобоев шу қилмиши бир куни албатта фош бўлишидан бехабар эди, чоғи. Маҳаллада ўтказилган текширишда унинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ошкор бўлиб қолгач, типирчилаб қолди. Ўзини оқлаш мақсадида турли баҳоналар излашга тушди. Бироқ ҳеч бири наф бермади. У қонун доирасида жиноий жавобгарликка тортилди.

Мавзуга оид