Энг машҳур универмаглар тармоғи АҚШдаги 10 минг ходимини ишдан бўшатмоқчи
Американинг нуфузли Macy's универмаглари тармоғи 68 та дўконини ёпиш ва тахминан 10 минг ходимини ишдан бўшатишга қарор қилди. Бу ҳақда компания чоршанба куни маълум қилган.
"Биз ушбу қадамлар сарф-харажатларни 2017 йилда деярли 550 миллион долларга камайтиришга ёрдам беришидан умид қилмоқдамиз. Шунингдек, бу ҳолат онлайн-режимдаги савдога қўшимча 250 миллион доллар сармоя киритишга ҳам ёрдам беради", - дейилади компания баёнотида.
Компаниянинг учта дўкони 2016 йилда ёпилган бўлиб, яна 63 таси жорий йилнинг баҳорига қадар ўз фаолиятини тўхтатади. Қолганлари эса ёзда ёпилади. Тахминан 3,9 минг ходим ишдан бўшатилади, яна 6,2 минг киши эса менежерлик иши фаолиятини оптималлаштириш дастурига иштирокчисига айланади.
Маълумот учун, Macy's тармоғи таркибига аввал 730 универмаг кирган. Ўтган йилнинг ёзида эса компаниянинг Нью-Йоркдаги бош универмаги чакана савдо соҳаси ишчилари маҳаллий касаба уюшмаси билан келишувга эришди. Бу дўкон ходимлари томонидан оммавий равишда иш ташлашнинг олдини олган. Раҳбарият ходимлари иш ҳақини ошириб, тиббий суғурта бўйича тўловларни ҳам кўпайтиришга мажбур бўлди. Касаба уюшмаси иттифоқи таркибига Нью-Йоркдаги Macy's’нинг тахминан 3,5 минг ходими киради.