12:06 / 05.01.2017
4490

Хитойнинг 400 мингдан ортиқ фуқароси партия интизомини бузгани учун жазоланди

Фото: AP

ХХРнинг 415 минг фуқароси ўтган йил давомида партия интизомини бузгани учун жазога тортилган. Бу ҳақда Хитой Коммунистик партияси Марказий комиссиясидаги манбасига асосланган ҳолда Xinhua агентлиги хабар қилмоқда.

Маълумотларга кўра, бу каби жазолашларнинг ярмидан ортиғи қишлоқ жойларга тўғри келган. Комиссиянинг 4 январдаги хабарига биноан, Хитой партия низомига риоя қилмагани учун 42,4 мингдан ортиқ мулозим маъмурий жазога тортилган. Бу 2015 йилги кўрсаткичдан 25 фоизга кўп демакдир. 

Интизомий қоидабузарликларнинг 89 фоизи давлат идоралари ва вилоят даражасидаги ташкилотлар вакиллари томонидан содир этилган. Иккинчи ўринда, расмий шахсларга пулли ҳадялар ва совғалар туради. Бундан ташқари, давлат ҳисобидан дабдабали тановул қилиш, хизмат машинасидан шахсий мақсадларда фойдаланиш, давлат ғазнаси маблағлари ҳисобига саёҳатларни амалга ошириш, шахсий ва бошқа байрам тадбирларини уюштириш шулар жумласидан. 

Хусусан, коррупцияга йўл қўйгани учун Тяньцзин шаҳри собиқ раҳбари Хуан Синго ХКП сафидан ўчирилган. ХХР ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳукумат кадрларини тайёрлаш бўйича давлат идораси партия қўмитаси раҳбари Гао Юйцинни қўлга олиш бўйича ордер берган.

Top