Light | 14:34 / 07.01.2017
14103
6 дақиқада ўқилади

Ишбилармонларнинг унумдорликни оширишга доир энг сара маслаҳатлари

Бугунги кунда унумдорликни ошириш бўйича жуда кўп мақолалар бериб борилмоқда. VC 2016 йилда чоп этилган, шахсий унумдорликни оширишга қаратилган мақолаларнинг орасидан энг қизиқарлиларини жамлаб тақдим этди. 

Диққатни жамлаш

Шахсий унумдорликни оширишга доир маслаҳатлар кўпинча диққатни жамлашга боғлиқ. Ишбилармонлар вазифаларни бажаришда ташқи чалғитувчилардан халос бўлиш усулларини излашда давом этишимоқда. 

Барча кирувчи хабарларни ўчириб қўйинг

Чалғитувчи омиллар билан курашишнинг энг самарали усули - телефон ва компьютердаги барча кирувчи хабарларни ўчириб қўйиш. "Биз бир вақтнинг ўзида бир неча ишни тўлалигича бажара олмаймиз. Эҳтимол, сиз "буни уддасидан чиқаман" деб ўйларсиз, лекин ундай эмас: аслида миянгиз вазифаларнинг биридан иккинчисига ўтади. Сиз ҳар чалғиганингизда миянгиз ўчиб ёнаверади", - дея ишонч билан таъкидлайди Crew ва Unsplash сервислари асосчиси Микаэль Чо. 

Блогер ва ишбилармон Шинивас Рао ҳам худди шундай маслаҳат беради. "Кун давомида бажарадиган ишларимнинг аксариятини мен бир соат ичида тугаллашга муваффақ бўламан". Бунинг сабаби шундаки, у ишга киришган вақтида телефон, ижтимоий тармоқлар, почтасини ўчириб қўяди ва унинг қўл остида фақат қўйилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган нарсаларгина қолади. 

Ишбилармоннинг фикрича, шу йўл билан ҳар қандай йирик вазифани бажариш мумкин. Масалан, бир йилда китоб ёзиш, бирор одатни шакллантириш ёки янги тилни ўрганиш. 

Смартфонни оффлайн-режимга созланг

ProcrastZero сервиси асосчиси Дариус Форукс қўллайдиган яна бир усул - чалғитувчи омилларга ўрин қолдирмаслик учун Wi-Fi'ни ўчириш.

"Инсонларнинг аксарияти технологиялардан фойдаланмайди, аксинча - технологиялар улардан фойдаланади. Ўйинлар, иловалар, фильмлар ва сериаллар фойдаланувчининг эътиборини жалб қилиш учун яратилган. Шу боис уларсиз эътиборни бошқа нарсага қаратишга тўғри келади", - деб ёзади Дариус Форокс.

Нима учун Netflix 3, 2, 1 сониядан кейин кейинги эпизодни автоматик равишда ютқаза бошлайди? Чунки шундай вақтларда сиз "Майли, яна бир эпизодни кўрай-чи" деб ўйлайсиз. Youtube'да ҳам худди шу аҳвол. Сервислар фойдаланувчининг диққатини ушлаб туриш учун қизиқарли контентни тавсия қилишга ҳаракат қилишади, шу боис доимо яна бир видео, яна бир мақола, яна бир ўйин вариантлари тайёр туради.

Форокс "ҳар доим онлайн" режимидан "ҳар доим оффлайн" режимига ўтишни тавсия қилади. Бунинг учун у смартфонидаги Wi-Fi'ни ўчириб қўяди ва фақат зарурат туғилгандагина уни ёқади. 

Муҳим вазифаларни куннинг биринчи қисмида бажаринг

Ишбилармон Микаэль Чонинг ишонч билан таъкидлашича, инсоннинг диққатини жамлаш хусусияти у уйғонганидан кейин бир неча соат давомида анча фаол бўлади, ҳаттоки у куннинг иккинчи ярмида уйғонса ҳам худди шундай ҳолат кузатилади. "Шу боис энг муҳим ишларни куннинг биринчи ярмида бажарган маъқул. Нима муҳимроқлигини қандай аниқлаш мумкин? Ўйлаб кўринг, қайси вазифани бажаришдан кўпроқ мамнуният ҳис қиласиз. Айнан шунисидан бошланг".

Почтани кунда уч марта текширишга одатланинг

Quora фойдаланувчиси Мариус Урсачнинг фикрича, вазифалардан чалғийвермаслик учун e-mail'ни кунига уч мартагина текшириш кифоя: эрталаб соат 11, кундузи соат 14 ва ишни якунлашдан аввал - соат 17да. 

Ортиқча иловаларни ўчириб ташланг

"Сизга ўнта илованинг кераги йўқ. Бир неча универсал иловаларга эга бўлсангиз, шунинг ўзи етарли. Мода кетидан қувиб, энг машҳур иловаларни юклаб олишга шошилманг, чунки келажакда барибир улардан воз кечишингиз мумкин. Айнан сизнинг эҳтиёжларингизга мос келувчи иловани топинг. Иш вақтимнинг 90 фоизида мен фақат Google Chrome, TextEdit, Trello ва Google Docs'ни қўллайман", - дея маслаҳат беради Unsplash асосчиси. 

Қайси иловадан фойдаланиш ва уларнинг биридан иккинчисига ўтишга доир ўй-хаёллар анча вақтни олиб қўяди, деб ҳисоблайди ишбилармон. 

Диққатни жамлашга мўлжалланган иловалар

Кўпчилик ишбилармонлар ишдан чалғишга йўл қўймайдиган иловаларни қўллашни тавсия қилишади. Масалан, SelfControl сервиси муайян вақтга ресурсларни блоклаб қўяди. "Сиз чекловни белгилаб қўйишингиз биланоқ (масалан бир соатга), ортга йўл қолмайди: сервис белгиланган вақт давомида сизга ижтимоий тармоқлар ёки янгиликлар сайтига киришга имкон қолдирмайди. Дастлаб бунга ўрганишингиз қийин бўлади, бироқ кейин бу сизга ҳаттоки ёқиб ҳам қолади", - деб ёзади Микаэль Чо.

Юқорида қайд этилган мақсадда қўллаш мумкин бўлган яна бир илова — Kill News Feed. У Facebook тармоғига киришни чеклаб қўяди. 

Вазифаларни бажариш

Вазифаларни бажаришга ўзингизни қандай руҳлантириш мумкин - vc.ru йил давомида сайтдаги янгиликларни кузатиб, уларнинг энг диққатга сазоворларини танлади. 

Ишга киришишдан аввал кичик танаффус қилинг

Йирик ишни бажаришга киришишдан аввал фойдаланувчилар қисқа муддатга ишдан дам олишни тавсия қилишади. Масалан, бироз сайр қилиб келиш, душ қабул қилиш ёки медитация. Бу вазифанинг истиқболдаги муҳимлигини баҳолашда ёрдам беради, деб ёзади калифорниялик тадбиркор ва шахсий унумдорликка оид блог муаллифи Лео Бабаута. 

Агар вазифани бажаришга 2 дақиқа керак бўлса, уни дарҳол бажариш керак

Quora'да муҳокама қилинган икки дақиқа қоидаси қуйидагича: агар вазифани бажариш - хатга жавоб бериш, меҳмонхона танлаш, ҳамкасбларга маслаҳат беришга - икки дақиқа сарфлаш керак бўлса, бу вазифани дарҳол бажарган яхши. "Келгусида бунинг учун 5 дақиқадан ортиқ вақт керак бўлади", - деб ҳисоблайди калифорниялик ишбилармон Мариус Урсач.

Мавзуга оид