Light | 21:57 / 08.01.2017
61983
6 дақиқада ўқилади

Фотожамланма: Ер юзидаги энг совуқ маскан

Инсон — жуда тиришқоқ ва меҳнаткаш мавжудот. Бу айниқса Россиянинг кичик Оймякон қишлоғида яққол кўзга ташланади. Зеро, бу маскан инсоният мунтазам яшайдиган энг совуқ жой ҳисобланади. Бу ерда қиш мавсумида ўртача ҳарорат - 50 даража совуқ атрофида, рекорд эса 1924 йилда қайд этилган, ўшанда Фраенгейт бўйича 71,2 даража совуқ ҳарорат кузатилган. Саргузаштлар ишқибози ва сураткаш Амос Чаппл Оймякон ва унинг яқинидаги Якутск шаҳрида бўлиб, бу ердаги одамлар ва табиатнинг суратларини муҳрлаб қайтди. InsiderPro нашри ушбу фотожамланмани тақдим этди. 

Унинг саёҳати Саха республикаси пойтахти бўлмиш Якутск шаҳридан бошланди, у дунёдаги энг совуқ пойтахт ҳисобланади. 

Шаҳарда 300 мингга яқин киши истиқомат қилади, қиш мавсумида бу ердаги ўртача ҳарорат 34,4 даража совуқни ташкил қилади. 

Чапплнинг ҳикоя қилишича, ҳарорат совуқ бўлишига қарамай, шаҳар аҳолиси у билан жуда дўстона муносабатда бўлган. "Бу ерликлар ҳаётнинг қувончли дамларини қадрлашади ва жуда яхши кийинишади", - дейди Чаппл.

Улар фавқулодда совуқ ҳароратга қандай чидашади? Чапплнинг сўзларига кўра, бунда уларга асосан спиртли ичимликлар ёрдам беради. 

Чаппл дастлаб Якутскдаги кичик меҳмонхонада тўхтади, бироқ кейин маҳаллий аҳоли билан дўстлашиб олиб, уларнинг уйида қолди. "Мен миннатдорчилик рамзи сифатида таом тайёрлашга ҳаракат қилдим, аммо Шарқий Сибир ликопчасини тўлдиришнинг уддасидан чиқолмадим".

Унинг айтишича, Якутск ўзининг олмослари туфайли мустаҳкам иқтисодий асосга эга. 

Чапплнинг сўзларига кўра, бу ерда совуқ уруш асоратлари мамлакатнинг бошқа ерларига нисбатан камроқ сезилади. Этник якутлар эса русларга қараганда очиқкўнгилроқ. 

Якутск — сайёрадаги энг совуқ қишлоқ ҳисобланган Оймяконга олиб борувчи йўл пункти. У ерга етиб олиш учун икки кун керак бўлади, ярим йўл босиб ўтилганидан сўнг кейинги машинани кутишига икки кун кетди. 

Бундай ҳароратда машинани ўчирмаган маъқул, шунинг учун қувватлаш шохобчалари бу ерда 24 соат давомида ишлайди. 

У йўлда икки кунга "Куба" кафесида (бўм-бўш йўл бўйидаги кичик тамаддихона) қолиб кетди. Кейинги автомобилни кутган янги зеландиялик сураткаш иссиқ чой ва кийик гўштидан тайёрланган шўрва билан сийланди. 

Чаппл шундай дейди: "Охир-оқибат мени манзилга етказиб қўйган йигитларнинг муомаласини тушунмай қолдим - бу меҳмондўстликми ёки таҳдид. Йўлдан уларнинг уйига кирдик ва мени макаронлар ва музлатилган от қони билан боқишди". 

Қишлоққа кираверишда 1924 йилги рекорд шарафига барпо этилган совет ёдгорлиги мавжуд. Ўша йили ҳаво ҳарорати 71,2 даража совуқни қайд этган. Унда шундай ёзув бор: "Оймякон, совуқ қутб".

Бугунги кунда шаҳардаги ўртача ҳарорат 50 даража совуқни ташкил қилади. Шуниси қизиқки, "Оймякон" сўзи  эвенкийчасига "музламаган сув" маъносини англатади. Маълумотларга кўра, у қишлоқ термал манбалар шарафига шундай ном олган.

Бу ерда Чаппл қийинчиликларга дуч келди: "Совуқ оёқларимни қандай қақшатгани ҳалигача эсимда. Баъзан туфук ҳам игна каби музлаб қолиб, лабга санчилар экан". Унинг сўзларига кўра, кун бўйи бундай шароитда юриш жуда оғир. 

Суратга олиш ҳам қийин кечди: "Бундай аёзда оғиздан чиқаётган тутун ҳам тамаки тутуни каби қалин бўлиб, суратга олаётган вақтда нафасни ушлаб туришга тўғри келди. Бундан ташқари, объектив созламаларида ҳам муаммолар юзага келди". 

Қишлоқда доимий аёз бўлгани учун бу ерда қувур ўрнатиб бўмайди. Ҳожатхонага ҳам ташқарига чиқилади - бундай совуқ ҳароратда эса жуда қийин. 

Яхлаган ерлар туфайли вафот этганларни дафн қилиш ҳам қийин - дастлаб узоқ вақт гулхан ёқиб, ерни иситишга тўғри келади.

Чапплнинг сўзларига кўра, у қишлоқ аҳолиси янги меҳмонни кўриб хурсанд бўлади, деб кутган. Бироқ ҳеч кимнинг у билан иши бўлмаган: "Одамлар ё уйлар орасида юзларини қўлқоп бекитиб, югуриб ҳаракатланишар, ёки сархуш бўлиб, муаммо излашарди".

Ер хўжалигини юритиш учун бу ернинг тупроғи ҳаддан ташқари совуқ. Оймякон аҳолиси ё чорвачилик, ё шаҳар хўжалигида ишлайди - ушбу суратда маҳаллий қозонхона тасвирланган.

Ҳаёт тарзи ўзига хос менюни шакллантиради. Кўпинча музлатилган хом балиқ, ласось ёки оқ балиқ, баъзан эса отнинг жигарини тановул қилишади. Рацион асоси гўштли шўрвадан иборат.

Шаҳар аҳолиси ўз тарихини яхши билади ва бу жойларга кучли боғланиб қолган. Чапплнинг сўзларига кўра, бу ерда ҳаёт оддий, лекин одамлар доимо термометрни кузатишади. 

Қачондир ёз келади ва об-ҳаво яхшиланади — ёзда бу ерда 35 даражагача иссиқ бўлади, лекин бу мавсум жуда қисқа ўтади, қиш эса гўёки мангу давом этадигандек. 

Мавзуга оид