Жамият | 12:17 / 18.01.2017
12306
3 дақиқада ўқилади

Олимлар қанд касаллиги инсоннинг 9 йиллик умрига зомин бўлишини кўрсатдилар

Фото: © Fotolia

Хитойнинг қанд касаллигидан азият чекувчи аҳолиси ортидан олиб борилган кузатувлар бу касаллик диабетикларнинг худди ўзлари каби таълим ва шароитга эга соғ одамларга нисбатан тахминан 9 йиллик умрларига зомин бўлишини кўрсатди, деб маълум қилишди олимлар JAMA журналида чоп этилган мақолада.

"Ёшлар ва катта ёшли хитойликлар ўртасида қанд касаллигидан азият чекувчилар сони шиддат билан кўпаймоқда ва ҳукумат қанд касаллигининг авж олиши ва унинг асоратларига қарши кураш бўйича стратегиясини ўзгартирмаса, у билан боғлиқ ўлимлар сони кўпайишда давом этади", деб айтмоқда Оксфорд университети (Буюк Британия) олими Чэнь Чжэнмин.  

Кўплаб ривожланган давлатлардан фарқли, Хитойда қанд касаллигидан азият чекувчилар сони қолган бошқа "иккинчи дунё" давлатларидаги каби тез кўпаймоқда. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қанд касаллигидан азият чекувчилар сони Хитойда бир неча охирги ўн йиллар ичида 100 млн кишига етган.

Чжэнмин ва унинг ҳамкасблари бундай беморлар сонининг кескин ошиши миллат саломатлиги ва Хитойдаги туғилиш билан боғлиқ вазиятга қандай таъсир қилиши мумкинлиги билан қизиқиб қолишди. Олимлар бунинг учун Хитойнинг соғлом аҳолиси ва диабетиклар орасида ўлим суръатини таҳлил қилишди ва қанд касаллигига дучор бўлган одам ўртача неча йил умрини йўқотишини ҳисоблаш чиқишга ҳаракат қилишди.

Олимлар умумий ҳисобда Хитойнинг 5 та йирик шаҳри ва 5 та йирик вилоятида яшовчи 30 ёшдан 79 ёшгача бўлган 500 мингдан кўпроқ хитойликнинг ҳаёти ва касаллиги тарихини ўрганиб чиқишди. Бу одамларнинг барчаси Хитой ҳукумати томонидан 2004 йилда йўлга қўйилган ва 10 йил давом этган саломатликни узоқ вақт мониторинг қилиш бўйича лойиҳада иштирок этишган.

Бу одамлар орасида дастлаб 6 фоизи диабетиклар бўлган, эътиборлиси уларнинг кўпчилиги яхши соғлиқни сақлаш тизимига эга ва турмуш тарзи юқори бўлган йирик шаҳарларда яшаган. Кузатувларнинг кўрсатишича, диабетиклар уларнинг соғлом тенгдошларига нисбатан 2 баробар кўпроқ вафот этишган ва ўлимларнинг кўп қисми шифокорлар хизматларидан фойдаланиш анча ёмонроқ йўлга қўйилган қишлоқ жойларига тўғри келган.

Чжэнминнинг айтишича, қанд касаллиги ишемия, инсульт, буйраклар, жигар касалликлари, юқумли касалликлар ва саратоннинг баъзи турларининг ривожланиши имкониятини оширган. Хитойда касаллик асоратларидан ўлиш хавфи барча ривожланган давлатлардагидан анча юқори бўлган ва шаҳарда яшовчи диабетик хитойликлар касаллиги туфайли 8 йил, вилоятда турувчилар эса 10 йил умрини йўқотган.

Олимларнинг фикрича, бу натижалар қанд касаллиги эпидемиясини камайтириш ва бу касалликдан азият чекувчи одамлар турмуш тарзини яхшилаш бўйича чораларни ривожлантириш зарурлигини кўрсатади. 

 

Мавзуга оид