Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон президенти Хитой раисига табрик мактуби йўллади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпинни таваллуд куни муносабати билан табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар ва оилавий бахт-саодат тилади.
Давлат раҳбари йўллаган табрик мактубида Си Цзинпин Хитой Халқ Республикаси ва Хитой Коммунистик партиясининг йирик сиёсий арбоби сифатида мамлакатни янги тараққиёт босқичларига етаклаб бораётгани алоҳида таъкидланган.
Мактубда қайд этилишича, Си Цзинпиннинг оқилона раҳбарлиги остида Хитой модернизацияси изчил давом этмоқда, миллатнинг буюк тикланиши ва юксалишига қаратилган сиёсати мамлакат тарихида ёрқин саҳифа сифатида намоён бўлмоқда.
Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари сўнгги йилларда изчил мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Давлат раҳбари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда Хитой ва шахсан Си Цзинпиннинг доимий кўмаги ҳамда қўллаб-қувватлови муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Мактубда ўтган йиллар давомида барча асосий соҳаларда кўп қиррали ҳамкорлик механизмлари шакллангани, шунингдек, «Бир макон — бир йўл» ташаббуси доирасида салмоқли амалий натижаларга эришилгани қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев олий даражадаги мулоқотлар чоғида эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш орқали Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқиш мумкинлигига ишонч билдирди.
Табрик якунида давлат раҳбари Си Цзинпинга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва янги зафарлар, дўст Хитой халқига эса тинчлик-осойишталик ҳамда барқарор тараққиёт тилади.