21:54 / 25.01.2017
6697

Тўлиқ автоном Tesla автомобили қачон пайдо бўлишига аниқлик киритилди

АҚШнинг Tesla Motors компанияси ўзининг тўлиқ ўзи бошқарилувчи автомобилини ярим йил ичида тақдим қилмоқчи, деб хабар бермоқда Forbes.  

Компания раҳбари Илон Маск твиттерда автоном ҳайдаш функцияси билан хавфсизлик анча ошиши кераклигини ёзди.

Унинг айтишича, Tesla тўлиқ ўзи бошқарилувчи автомобилни "эҳтимол 3 ойдан кейин", бироқ "аниқ 6 ой ичида" тақдим қилади.

Бироқ Маск тўлиқ ўзи бошқарилувчи автомобиль остида нима назарда тутилишига аниқлик киритмаган ва жорий автопилот тизимига нечта ўзгариш киритилиши зарурлигини айтмаган.

Автоном автомобиллар ҳамжамияти автономликнинг 6 та – 0 дан 5 гача даражасини ўрнатган.

Максимал 5-даража агар автомобиль йўлдаги исталган вазиятда одам иштирокисиз юра олса берилади. 4-даража деярли автоном ҳолатда, бироқ баъзи истиснолар билан юрадиган автомобилларга берилади.

Forbes нашрининг таъкидлашича, Tesla’нинг бўлғуси машиналари автономликнинг 4-даражасига мос келиши мумкин. Маскнинг ўзи бу бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Top