Жаҳон | 00:43 / 28.01.2017
7923
2 дақиқада ўқилади

Дания дунёдаги илк "рақамли элчи"сини тайинлайди

Дания ҳукумати дунё миқёсида биринчи марта "рақамли элчи" лавозимини жорий этишга қарор қилди. У Apple ва Google каби йирик АТ-компаниялари билан ҳамкорлик қилади. Бу ҳақида Politiken газетасига мамлакат ТИВ раҳбари Андерс Самуэльсен хабар берди. 

Вазирнинг сўзларига кўра, элчи Американинг энг йирик ташкилотлари билан мамлакат ҳукумати номидан дипломатик муносабатлар ўрнатади. "Бундай компаниялар янги миллат сифатида кириб келмоқда ва биз бунга муносабат билдиришимиз керак", - деди Самуэльсен. Рақамли элчи лавозимига номзодларнинг номларига оид маълумот берилмади. 

Самуэльсеннинг сўзларига кўра, АТ-компанияларнинг бозор қиймати дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари ҳажмига яқинлашмоқда. "Бизга таъсир ўтказувчи компаниялар билан янада узвий алоқалар ўрнатишимиз лозим", - деди вазир. 

Ҳукуматлар ва хорижий компаниялар ўзаро ҳамкорлигига мисол сифатида Самуэльсен Facebook'нинг Оденседа янги маълумотлар маркази қурилиши тўғрисидаги қарорини келтирди. Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу битим уч йиллик меҳнат самарасидир. 

Мавзуга оид