Гренландия пойтахти Нуук шаҳрига Atlantic Airways авиакомпаниясининг самолёти қўшимча даниялик ҳарбийлар контингенти билан қўнди. Уларнинг айримлари кейинроқ Нуукдан шимолда жойлашган Кангерлуссуак қишлоғига парвозни давом эттирган, деб хабар қилди сешанба, 20 январ куни dpa агентлиги.
Ritzau Дания ахборот агентлиги маълумотига кўра, ушбу аскарлар Дания мувофиқлаштираётган Arctic Endurance халқаро ҳарбий машғулотларида иштирок этмоқда. Дания қўшинларининг Арктика қўмондонлиги раҳбари Сорен Андерсен таъкидлашича, бу манёврлар 2026 йилнинг бутун давомида ҳам чўзилиши мумкин.
Гренландияда ҳозир қанча даниялик ҳарбий борлиги ҳақидаги саволга Андерсен жавоб бермади. Гренландиянинг KNR телеканали маълумотига кўра, айни пайтда Нуукда камида 100 нафар даниялик ҳарбий хизматчи, Кангерлуссуакда эса яна 100 нафар бор.
Шимолий Америка ҳаво мудофааси бўйича Бирлашган қўмондонлик (NORAD) душанба, 19 январ кечқурун ўз самолётлари Гренландиядаги Питуффик ҳарбий базасига тез орада етиб келиши ҳақида маълум қилди — улар “аввалдан режалаштирилган тадбирлар”да иштирок этиши керак.
АҚШ ҳарбийлари бу иш Дания ҳокимияти билан келишилган ҳолда амалга оширилганини билдирган. NORAD маълум қилишича, Гренландия ҳукумати ҳам режалаштирилган тадбирлар ҳақида хабардор қилинган.
Дания парламенти мудофаа қўмитаси раҳбари Расмус Ярлов CNN телеканалига айтишича, агар АҚШ арктик оролни куч билан эгаллаб олишга уринса, унинг мамлакати қўлда қурол билан қаршилик кўрсатишга тайёр. “Биз, албатта, Гренландияни ҳимоя қиламиз. Агар Америка қўшинлари босқин уюштирса, уруш бошланади ва биз бир-биримизга қарши жанг қиламиз”, — деди Ярлов.
Дания парламентарийси бундай қуролли тўқнашув АҚШ учун ҳам “фалокат” бўлишини айтди. Унинг фикрича, иқтисодий жиҳатдан Гренландияни эгаллаб олишнинг маъноси йўқ, чунки АҚШ аллақачон оролга кириш имкониятига эга, аннексия эса фақат қўшимча харажатлар келтиради.
Arctic Endurance машғулотлари доирасида Европа мамлакатларининг бошқалари ҳам стратегик аҳамиятга эга арктик оролга ўз ҳарбийларини юборган, жумладан Германия, Норвегия, Швеция ва Буюк Британия. Хусусан, ГФР Гренландияга бундесвернинг разведка гуруҳини жўнатгани айтилган — Данияга, айниқса, денгиз кузатуви соҳасида ҳарбий ёрдам кўрсатиш имкониятларини ўрганиш учун.
16 январ куни АҚШ президенти Доналд Трамп арктик орол бўйича унинг даъволарига қарши чиққан мамлакатларга нисбатан 10 фоизлик божлар жорий этиш билан таҳдид қилди. Бу чоралар 1 февралдан кучга кириши керак. Хабарларга кўра, Евроиттифоқ ичида жавоб чоралари муҳокама қилинмоқда.















