Жамият | 09:34 / 31.01.2017
18493
3 дақиқада ўқилади

Шварценеггер Трампга қарши чиқди

Калифорния штатининг собиқ губернатори, Ҳолливуд актёри Арнольд Шварценеггер АҚШнинг янги президенти Дональд Трампнинг муҳожирларга қарши сиёсатини танқид остига олди.

«Бу ақлсизлик ва биз кўрмоқдамизки, Оқ уй бу қарорни жуда бўш тайёрлаган», — дея Шварценеггернинг сўзларини келтиради The Hill.

Унинг фикрича, хавфсизликни таъминлашга эришишнинг бошқа йўллари ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, Шварценеггер бундай фармон Адлия вазирлиги ва АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлиги билан келишилган ҳолда тайёрланиши керак эди деб ҳисоблайди.

Дональд Трамп 27 январь куни АҚШга қочоқларнинг киришини чеклаш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади. Фармонга мувофиқ, барча қочоқларни қабул қилиш тўрт ойга тўхтатилади. Бундан ташқари, фармон Ироқ, Сурия, Эрон, Судан, Ливия, Сомали ва Яманнинг ҳатто АҚШ визасига эга фуқароларига мамлакатга киришни уч ойга тақиқлайди. Чеклов «грин-карта» эгаларига — яъни, АҚШда расман яшаш ва ишлаш учун гувоҳномага эгаларга ҳам тааллуқли. CNN’нинг ёзишича, энди «грин-карта»нинг мавжудлиги номлари санаб ўтилган мамлакатлардан келганларнинг АҚШ ҳудудига киритилишига асос бўла олмайди. Трамп мазкур фармон террорчиликка қарши кураш учун зарурлигини таъкидлаган.

Одатдаги амалиётдан фарқли равишда, бу ҳужжат Адлия вазирлиги мутахассислари иштирокисиз тайёрланган — вазирлик вакиллари одатда ижро ҳокимияти учун фармон ва қонунлар ижроси бўйича йўриқнома тайёрлаб берарди. Бундан ташқари, чегара хизматига масъул ҳисобланган вазирлик ҳам фармон матни билан фақат ҳужжат имзоланаётган кунда танишишга муваффақ бўлган.

Чегара хизмати чеклов айнан қайси мамлакатларнинг фуқароларига дахл қилишини дастлаб билмаган. Ҳужжатда мамлакатларнинг номи кўрсатилмаган: у Обама маъмуриятининг визасиз киришни чеклаш тўғрисидаги низоми билан тасдиқланган мамлакатлар рўйхатига ҳавола беради (мазкур низомга мувофиқ, номлари кўрсатилган мамлакатларда бўлган хорижликлар ҳам АҚШга визасиз кира олмайди).

Дастлаб вазирлик ходимлари фармон «грин-карта»си борларга таъсир қилмайди, деган фикрга келган; бу ҳақдаги тегишли маълумотномалар аэропортларга йўлланган. Бироқ кўп ўтмай Оқ уй «грин-карта» эгаларининг АҚШга киритилиши масаласи индивидуал тарзда ҳал этилиши лозим, деб туриб олган.

28 январь куни Америка ҳукумати Трампнинг кўрсатмасини бажаришга киришди. Президент фармонида кўрсатилган мамлакатлардан келаётганларни аэропортларда қўлга олиш бошланди. The New York Times’нинг ҳисоб-китобига кўра, биринчи куни Кеннеди аэропорти ва мамлакатнинг бошқа халқаро аэропортларида 200 нафарга яқин одам қўлга олинган. Reuters’нинг хабар беришича, Қоҳира аэропортидаги авиакомпанияларга фармонда кўрсатилган мамлакатларнинг фуқароларини АҚШга олиб кетиш тақиқланган — уларнинг визаси ёки «грин-картаси» бўлса ҳам.

Мавзуга оид