Google Россия фуқаросини судга берди
Россиялик спамер биргина ҳарф туфайли ҳибсга олиниши мумкин. Гап шундаки, у ɢoogle.com доменига эгалик қилади. Motherboard шу ҳақида хабар берди.
Виталий Попов «ɢ» билан бошланувчи доменни қайд этган, «ɢ» – 0262 рақамига эга Unicode коди рамзи, шунингдек лотинча «G»га визуал ўхшаш. Кўп фойдаланувчилар манзил сатрида ɢoogle.com'ни google.com'дан ажрата олишмайди - шунчаки бунга эътибор беришмайди.
Корпорацияда таъкидланишича, россиялик фойдаланувчи ɢoogle.com доменидан спам йўллаш билан шуғулланади, шунингдек зиён етказувчи дастурий таъминотни тарқатади. Бундай зарарли жўнатмаларга кирувчи фойдаланувчилар браузерда кўплаб ойналар очилишига дуч келишади. Бу спамерга фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини йиғиб, меъдага тегувчи рекламаларни намойиш этиш имконини беради.
Спам тарқатиш учун ɢoogle.com'дан фойдаланиш ҳолатлари Дональд Трампнинг сайлов олди кампаниясида кузатилган. Analytics Edge компанияси Google Analytics реферал спамини аниқлаган. Жўнатма мавзуси Vote for Trump ("Трампга овоз бер") бўлган, хабар манбаи ɢoogle.com бўлиб чиқди. АҚШда овоз тўплаш ниҳоясига етган вақтда ɢoogle.com сайтида америкаликларга йўлланган табрик пайдо бўлган.
Шундай бўлса-да, Попов ўзининг баҳсли доменини Google'га бермоқчи эмас. У ўзининг ҳақ эканлигига ишончи комил ва Google қўйган айблов ёлғон экани ҳамда корпорация билан судлашишга тайёр эканини айтган.