Жаҳон | 08:32 / 04.02.2017
12410
1 дақиқада ўқилади

Россиянинг Суриядаги элчихонаси ўққа тутилди

Россиянинг Дамашқдаги элчихонаси икки маротаба миномётлардан ўққа тутилди, деб хабар қилмоқда Россия ТИВ. Қурбонлар йўқ. 

"Ҳужум Жобар туманидан нишонга олган ҳолда амалга оширилган. Бу ҳудуд террорчилар назоратида, - дея аниқлик киритишган ташқи ишлар маҳкамасида. – Миналардан бири элчихонанинг идора ва тураржой бинолари оралиғида, иккинчиси элчихонага асосий кираверишдан 20 метр узоқликда портлаган. Қурбонлар йўқ. Бироқ, моддий талофат етказилди".

Вазирлик баёнотига кўра, бу каби ғаламисликлардан мақсад, мамлакатдаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тартибини бузиш ва сиёсий музокаралар жараёнини йўлга қўйиш бўйича саъй-ҳаракатларни чиппакка чиқаришдир. 

"Бу жиноят жазосиз қолмайди, - деб таъкидлаган Россия ТИВ. – Россия Суриядаги террорчиларга қарши қатъий ва муросасиз курашиш бўйича принципиал йўлни давом эттиради".

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид