Жамият | 20:40 / 07.02.2017
30452
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда лимончилик: уч килограммлисидан тортиб «Тошкент» навигача

Ўзбекистонлик биринчи космонавт Владимир Жонибеков коинотда барча экипаж аъзолари вазнсизлик ҳолатига ўтиш жараёнини осонлик билан енгиб ўтишида шифобахш Тошкент лимонлари фойда берганини таъкидлагани, шиша идишчада «учаётган» лимон новдаси ва парчалари намойиш қилинган видеолавҳа ўз даврида кўплаб юртдошларимизнинг ҳайратига сазовор бўлганди.

 – Ўзбекистонда лимон етиштиришнинг иложи йўқ, деган фикрларни 1967 йилда отам яратган лимоннинг «Тошкент» нави чиппакка чиқарди, – дейди Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Муҳаммадазиз Фахриддинов. – Унинг вазни 450 грамм бўлиб, таркибида лимон кислотаси тўрт фоиздан ошган. Фазо шароитида синовдан ўтган ҳам айнан ана шу лимон нави эди. Орадан уч йил ўтиб, лимоннинг чатиштирилган «Юбилейний» гибриди яратилди. Буни қарангки, ундан йилига тўрт марта ҳосил олиш мумкин. Қалин пўсти таркибида кислота миқдори 12 фоиз бўлиб, эфир мойига бойлиги билан оддий лимондан уч баравар кўп юқори кўрсаткичга эга. 

Ҳозирги кунга келиб, ўзбек селекционер олими яратган лимоннинг ўнга яқин тури, апельсиннинг «Ўзбекистон», мандариннинг «Тошкент» навлари нафақат мамлакатимизда, балки хорижий давлатларда ҳам етиштирилмоқда.  Масалан, Уфада 2 гектар майдонда Ф-1 «Тошкент» ва Ф-2 «Юбилейний» навларидан барпо этилган лимонзорлардан мўл ҳосил олинмоқда. Кўчатлари кўпайтирилиб, аҳолига етказиб берилмоқда. Бу ҳақда ЎзА маълум қилган. 

Олимнинг совуққа чидамли, эртапишар лимон етиштириш борасидаги орзусини ўғли Муҳаммадазиз амалга оширди. Лимонлар нақ косадек келади. Меваларининг ранги ва шакли деярли бир хил. Ҳажми тахминан уч килограмм келади.

– Ўзбекистон тупроғи унумдор, – дейди Муҳаммадазиз ака. – Ҳар бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиб, яхши ҳосил олиш мумкин. Ҳозир Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм, Навоий, Жиззах, Бухоро вилоятларидаги фермер ва шахсий томорқа эгаларига лимон кўчатлари етказиб бераётирмиз. Айниқса, Тошкент вилоятида «Тошкент» маҳаллий навига талаб юқори. Қибрай туманининг Чингелди қишлоғида лимоннинг  ҳар тупидан 200 килограмм ҳосил олинмоқда. Мулкдорлар ҳар йили хорижга катта миқдорда лимон экспорт қилмоқда. 

Мутахассисларнинг  маълум қилишларича, уй шароитида лимон, хусусан, «Тошкент» нави тувакда етиштириш учун жуда қулай. Унинг илдизлари озиқланиш майдони кичик бўлиб, беш йилгача кичик тувакда ўсиб, йилига 120-150 дона ҳосил бериши мумкин. Бу нав касалликларга чидамли, нам ва ёруғликни ёқтиради. Шу боис баргларини доим намлаб, сув пуркаб туриш керак.

 – Лимон кўчатини турган жойидан қимирлатиб, айлантиравермаслик керак, – дейди Тошкент давлат аграр университетининг мевачилик ва узумчилик кафедраси доценти, «Нуриддин агро» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нуриддин Фахриддинов. – Улар ҳаво ҳароратининг кескин ўзгаришига бардош бера олмайди. Ёруғликни ёқтирса-да, қуёш нурининг тўғридан-тўғри тушишига йўл қўймаслик керак. Печь, иссиқлик батареялари бор хоналарга уларнинг намлигини орттириш учун идишларга сув солиб қўйган маъқул. Агарда уларга нотўғри муносабатда бўлинса, қишда гуллайди-ю, мева тугмайди. Мева олиш учун  лимон гулини сунъий равишда чанглантириш керак. Улар хона ва ҳовлиларга кўрк берибгина қолмасдан, ҳавони тозаловчи муҳим восита ҳамдир. Нафис гуллари асабни тинчлантириш, кўнгил айнишининг олдини олиш билан бирга инсон кайфиятини кўтаради.

Мавзуга оид