Light | 20:01 / 13.02.2017
35718
4 дақиқада ўқилади

Миллиардер бўлишни кафолатловчи ўнта муаммо

Миллиардер бўлишни ким ҳам хоҳламайди, дейсиз? Албатта, орзуга айб йўқ, аммо ниятга етиш учун жиддий тер тўкишга тўғри келади. Trendymen нашри бу борада ишни осонлаштириш учун, агар ҳал қилинса, бой-бадавлат бўлиш ва обрў келтириши аниқ бўлган 10та муаммони ёдга олган. 

Энергияни симсиз узатишнинг ечими. Қурилмалар тобора кичиклашиб бормоқдаки, батареялар ҳажми жиддий муаммога айланган. Албатта, аккумулятор ўлчамини истаганча кичрайтириш мумкин. Аммо, батареялардан умуман воз кечиш ва электр токини симсиз узатишга нима дейсиз? Ҳозирда, индукцияли қувватлаш қурилмалари мавжуд. Аммо, бу технологиялар бошланғич даврида дейиш хато бўлмайди. Шу боисдан ҳам, Никола Тесла ихтиролари тинчлик бермаётган бўлса, ишга киришинг. 

Ҳамма ерда интернет. Интернет турмуш тарзимизга қанчалик кириб келмасин, дунёда ижтимоий тармоқ бир ёқда турсин, телефон кириб бормаган жойлар кўплаб топилади. Айни вақтда бу муаммо билан Google каби корпорациялар шуғулланмоқда. Лойиҳа Project Loon деб номланади ҳамда ҳаво шарларини назарда тутади. Лойиҳага кўра, роутерлар билан жиҳозланган шарлар стратосферадан бутун дунёни интернет билан таъминлаш имконини беради. 

Арзон қуёш энергияси. Назаримизда қуёш энергияси текиндек. Бироқ қуёш нурларини йиғувчи фотогальваник элементлар арзон турмайди. Бутун дунёда айни услубда ишлайдиган, лекин арзон турадиган материал устида бош қотиришмоқда. Қуёш энергиясини ишлаб чиқишда мазкур муаммо ҳал этилса, яхшигина пул ишласа бўлади. 

Тоза кўмир. Углеродни суюқ ёқилғига айлантириш масаласи миллионлаб йиллар мобайнида ҳал этилган масала бўлса-да, олимлар тоза кўмир олиш масаласини ҳал эта олмаяпти. Тошкўмирни ўрнини босувчи сунъий кўмир аср кашфиёти бўлиши шубҳасиз. 

Арзон халқаро тўловлар. Дунёда кўплаб тўлов тизимлари мавжуд. Улар кам ҳақ эвазига хизматни таклиф этади, аммо уларнинг барчаси банклар билан бирга ишлашга мажбур. Чет элга пул ўтказиш ҳам пул туради. Тўғри, банк ҳақига алоқаси бўлмаган Bitcoin ҳам бор, лекин у кўплаб давлат ишончини қозона олмади. 

Озиш воситалари. Озиш учун мўъжизали таъсир кўрсата оладиган таблеткалар бутун дунёдаги миллионлаб инсонларнинг орзуси. Бу борада ажойиб хапдорилар ишлаб чиқилгани таъкидланганига қарамай, уларнинг ҳеч бири кутилганидек самара бермайди. 

Сувни арзон чучуклаштириш. Ичимлик ва чучук сув захирасининг етишмаслиги жаҳондаги долзарб муаммолардан биридир. Денгиз сувларини чучуклаштириш қурилмалари бутун дунёда барпо этилмоқда. Аммо улар ҳаддан ортиқ қиммат туради. 

Об-ҳавони аниқ айтиш. Об-ҳавони аниқ тахмин қилиш тизими, бу борада кўплаб асбоб-ускуналар фаолияти йўлга қўйилган бўлса-да, ҳамон тахмин қилишдан нарига ўта олмаяпти. Икки ойлик об-ҳавони аниқ айтиш — ҳозирча фантастика. Аммо янги технологиялар ишлаб чиқилса, ҳақиқатга айланиши мумкин. 

Бузилмас пароллар. Аниқ фикр ва маълум бир дастурларга эга бўлиш билан ҳар қандай паролни топиш мумкин. Унинг мураккаблиги вақтга таъсир қилиши мумкин холос. Дастурчилар смартфонлар ва ноутбукларни рақамли қалъаларга айлантириш устида тер тўкиб изланишмоқда. Бу масаласини ҳал қилсангиз миллиардер бўлишингиз кафолатланади. 

Ўлимни енгиш. Ҳа бу фантастиканинг ичидаги фантастика. Аммо, юзлаб олимлар бу борада меҳнат қилишмоқда. Умрларини сарфлашмоқда. 

Мавзуга оид