16:41 / 17.02.2017
10936

Марк Цукербергнинг келажак, сиёсат ва иқтисодиёт ҳақидаги ноодатий фикрлари

Facebook раҳбари Марк Цукерберг “Би-би-си”га берган интервьюсида глобаллашув жараёнига ишончи қолмагани, президентликка номзодини қўймоқчи эмаслиги ҳамда ёлғон янгиликлар таҳдиди ҳақида гапириб берди.

Глобаллашув ҳақида

Цукербергнинг фикрича, ахборотлар шовқини, жумладан, ёлғон янгиликлар, ўйлаб топилган хабарлар ҳамда хато фикрлар кишилар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси эмасдек, деб ҳис этишларига сабаб бўлмоқда. Улар ўзларини жаҳон воқеа ва ҳодисалар кемасидан ташқарига чиқариб ташлангандек сезишмоқда, ҳамда “бирлашган дунё” ғояси уларга қизиқ эмас.

Ишбилармон билан интервью Цукербергнинг Facebook ҳамжамиятига мурожаати билан бир кунда тақдим этилди. Унда у сервиснинг келажаги ва глобаллашув жараёни ҳақида фикр билдириб, АҚШ президенти Авраам Линкольннинг “кўплаб инсонларнинг келажакка ишончи сўниб бормоқда” сўзларидан иқтибос келтирди. Мурожаат асосан Facebook ва унинг фойдаланувчилари бутун дунё бўйлаб биргаликда ҳаракат қилишларига бағишланган.

“Мен Facebook’га асос солдим. Дунёни бир байроқ остида бирлаштириш ғояси баҳсли эмасдек туюлганди. Ўшанда инсонлар дунё йил сайин янада кучлироқ бирлашаётганини яхши қабул қилишди. Энди эса бу қарашларга танқидий фикрлар билдирилмоқда”, - деди Марк Цукерберг.

Ишбилармоннинг тан олишича, глобаллашув билан бирга янги муаммолар ҳам келмоқда ва кишиларнинг бунга салбий муносабати ҳам намоён бўлмоқда. Бироқ Facebook раҳбари жаҳон ҳамжамияти бирлашишда давом этиши кераклигини маълум қилди.

Цукербергнинг фикрича, ҳар бир ҳамжамият, институт, ташкилот, компания ёки давлат глобаллашув ривожига ўз кучларини йўналтиришда давом этиши керак, бу барча инсонларга фойда келтиради. “Агарда сизга жаҳоннинг қаерга қараб кетаётгани ёқмаса, умид қиламанки, сиз шунчаки ўтирмаяпсиз, балки муҳим ниманидир қилиш лозимлигини ҳис этмоқдасиз”, - деди Цукерберг.

Ишбилармон АҚШ президенти Дональд Трамп дунёнинг бирлашиши ғоясига қандай муносабатда экани ҳақидаги ўз фикрлари билан бўлишмаган.

“У билан гаплашишингиз ёки у нималар дейиши ва нималар қилишига назар солишингиз мумкин. Мен глобаллашув муаммолари ҳақида Европа, Осиё ва АҚШдаги сайловлардан анча олдин гапирганман”, - дея жавоб берди Цукерберг.

Шунингдек, Facebook раҳбарининг таъкидлашича, глобаллашув замонавий дунёга либерализмни кучайтириш, илм-фанни ривожлантириш ҳамда тинчликни ўрнатишда жуда кўплаб имкониятлар олиб келади. У замонавий дунёдаги аксарият муаммоларни ҳал этиш учун бирлашган жамият керак бўлишини таъкидлаб ўтди. Бу глобал исиш, террорчилик, эпидемиялар ёки фуқаролик урушларига ҳам алоқадор.

“Фейсбукнинг айни дамдаги энг муҳим функцияси – кишилар барча учун фойдали бўладиган глобал ҳамжамиятни қуришларига ёрдам берувчи ижтимоий инфратузилмани яратиш имконидир”, - деди Марк Цукерберг.

Сиёсий фаолияти ҳақида

2016 йилнинг декабрида Дональд Трамп йирик технология компаниялари вакиллари билан анжуман ўтказди. Улар орасида Google, Tesla, Apple, Amazon ва Facebook бор эди. Президент билан учрашувга асосан компания раҳбарлари келди, бироқ Facebook’дан Цукербергнинг ўрнига компания директорлар кенгаши аъзоси Шерил Сэндберг ташриф буюрди.

Ишбилармонларнинг Трамп билан учрашишни исташи ҳақидаги саволга у, бунга эътибор қаратишни хоҳламаслигини айтиб ўтди. “Бу бизни керакли йўналиш ва мақсадлардан чалғитмоқда”, - дея маълум қилди Цукерберг.

2017 йилнинг январь ойи бошларида технология соҳасидаги ғарб ОАВларида Цукерберг сиёсий фаолиятини бошламоқчилиги ҳақидаги муҳокамалар авж олди. Шунингдек, унинг 2020 йилда АҚШ президентлигига ўз номзодини қўймоқчи экани борасида ҳам гап-сўзлар тарқалди. Бу фикрлар Цукерберг ўзининг хайрия жамғармасига аввал кичик Жорж Буш ва Барак Обаманинг президентлик кампанияларига бошчилик қилган иккита менежерни ёллагани ҳақидаги хабарлардан сўнг янада кўпайди.

Ишбилармон давлат лавозимида ишлаши ва Facebook раҳбари бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳолатда компания директорлар кенгашининг розилиги талаб этилади. Бироқ Цукерберг январь охирида президентликка номзодини қўйиш истагида эмаслигини хабар қилди. BBC’га берган интервьюсида у ўз баёнотини яна бир бор тасдиқлади – “Мен бу билан ҳозирда шуғулланмайман, бошқа режаларим бор. Айни дамда мен фақатгина дунёни бирлаштириш ҳақида ўйлаяпман”.

Келажакдаги режалар ҳақида

Цукерберг ёлғон хабарларнинг ошиб бораётган хавфи ҳақида фикр билдириб, Фейсбукда ҳақиқатан ҳам бундай янгиликлар сони ортиб кетганини тасдиқлади. Бироқ унинг таъкидлашича, “ҳар доим ҳам ёлғон, сатира ёки шахсий фикр орасидаги фарқни топиб бўлмайди. Кишилар эркин жамиятда ўз фикрларини билдириш имкониятига эга бўлишлари керак, бу хато бўлса ҳам”.

Facebook раҳбарининг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларнинг маълумотни максимал даражада қисқа тарзда хабар қилишга бўлган ҳаракати баъзида муҳим ва комплексли мавзу билан уйғунлашиб кетади. Facebook бу муаммо билан ҳам сервис ҳамжамиятида “умумий тушуниш”ни ташкил этиш орқали курашмоқчи.

Журналист Цукербергдан ўзи ҳақидаги танқидга қандай муносабатда бўлиши билан қизиқди. У жуда бой инсон бўлгани ҳолда оддий кишилар муаммосини бир қадар тушуна олмаслиги ҳақида фикр билдирилди. Бунга эса Facebook раҳбари ҳамжамият билан масофа сақламаслигини айтди.

“Facebook’нинг омади биз фикр билдириш имконини онлайн тақдим этишимиздан иборат. Кўплаб инсонларда ижтимоий тармоқ пайдо бўлгунга қадар бундай имконият бўлмаган. Бунинг устига биз буни аввал уддалай олмаганларни ўзаро боғладик”.

Ишбилармоннинг таъкидлашича, Фейсбукда янада ривожлантириш ва яхшилаш талаб этиладиган кўплаб мавзулар бор, ва у сервис ҳамжамияти ниятларини билиш борасида имконият борлигидан хурсанд. У 2015 йилнинг охирида Facebook’нинг 99 фоиз акцияларини хайрия жамғармасига ўтказиб бериш нақадар муҳим қарор бўлгани ҳақида ҳам айтиб ўтди. Жамғарма туфайли Цукерберг рафиқаси Присцилла Чан билан дунёнинг кўплаб давлатларидаги ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлайди, ва бу билан келажакда ҳам шуғулланишни режалаштирмоқда.

“Биз бирлашган жамиятларни ташкил этишга ёрдам беришимиз керак, ҳамда айнан шунга эришмоқчиман – бу бошқа ишбилармонларга намуна бўлиши керак. Мени бу мавзу жуда ҳам ташвишлантиради ҳамда уни ривожлантиришда давом этаман”, - деди Цукерберг.

Цукербергнинг чиқишларига бошқа шахсларнинг муносабати

Цукербергдан интервью олган BBC’нинг иқтисодиёт бўлими муҳаррири Камол Аҳмад мулоқот ҳақида бир қатор фикрларини билдириб ўтди. Унинг фикрича, Facebook баёноти навбатдаги зерикарли бизнес-ҳисоботи бўлгани йўқ, балки у дунё концепцияси ҳақида тасаввур берган ҳамда IT-компания уни яратишни ҳақиқатдан ҳам истамоқда.

Аҳмаднинг таъкидлашича, Цукерберг ҳеч қачон ҳақиқий сиёсатчи бўла олмайди, бироқ бу унга улардан бири сифатида гапиришга халақит бермайди.

Recode ходими Курт Вагнернинг таъкидлашича Цукерберг тор соҳаларга эътибор қаратмади ва фақатгина умумий мавзуларда гапирди. Журналист Facebook ҳал этишга ёрдам бериши мумкин бўлган бир қатор асосий муаммоларни алоҳида ажратди.

Улар орасида – сунъий идрокни ишлатган ҳолда суиқасд ва террорчилик ҳаракатларини олдини олиш, овоз беришнинг янги услубини яратиш (масалан, ижтимоий тармоқнинг ўзи орқали), оддий фуқаролар ва маҳаллий амалдорлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш (Facebook Messenger ва WhatsApp орқали) ташкилотларни онлайн-ҳамжамият орқали қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий тармоқнинг дунё ер шарининг барча нуқталаридаги универсал сиёсати ҳисобидан демократияни ўстириш.

Techcrunch муҳаррири Жон Констиннинг тушунтиришича, Facebook мақсадларининг глобаллиги билан бир қаторда, у қадар самарали ҳаракат қилмаяпти.

“Facebook амалга татбиқ этмоқчи бўлаётган барча ўзгаришларнинг марказида фойдаланувларнинг ўз йўлларини танлашдаги ҳуқуқлар ва имкониятларини кенгайтириш бордир. Компания дунё барча томонлама қўллаб-қувватлаш, хавфсизлик ва маълумотга эга бўлишга қараб ҳаракат қилишини истайди. Муаммо шундаки, Facebook бу йўлда ҳатто ўзини фақатгина бир инструмент сифатида кўрмоқда”, - деди Жон Констин.

Top