Жамият | 12:57 / 23.02.2017
18017
2 дақиқада ўқилади

Пора олмоқчи бўлган профилактика инспектори қўлга олинди

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги профилактика инспекторларидан бири – катта лейтенант Жамшид Қодиров фуқаро Х.Бўтаевдан 1 млн 140 минг сўмни пора тариқасида олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда “На посту” газетаси ёзмоқда.

Қайд этилишича, Жамшид Қодиров шериги Б.Тошев билан паспорт-виза режимини текшириб юрган пайтида ака-ука Р. ва Х.Бўтаевга тегишли бўлган новвойхонада ишловчи аёлларда паспортлари йўқлигини аниқлашади. Аёлларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик фактлари бўйича баённома расмийлаштирилади. Катта лейтенант Р.Бўтаевга қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этишда “ёрдам кўрсатиш”ни таклиф қилади.

Натижада Х.Бўтаев инспекторнинг талаби билан пулларни машина бардачогига солади ҳамда машинадан чиқади, Қодиров эса қўлга олинади.

Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани жиноят ишлари бўйича суди Ж.Қодировни 4 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарди ҳамда унга уч йил мобайнида юқори мансабли лавозимни эгаллашни тақиқлади.

Бироқ унинг чиндан дилдан афсус қилгани, шунингдек, аввал судланмагани ва бир нафар балоғатга етмаган фарзанди борлиги инобатга олиниб, унга нисбатан амнистия акти қўлланилди ҳамда у суд залидан озод этилди. 

Мавзуга оид