Жаҳон | 19:52 / 24.02.2017
44168
2 дақиқада ўқилади

Трампни ағдариб ташлаш режаси ишлаб чиқилди

Фото: Reuters

АҚШ Демократлар партиясида Республикачилар партиясидан мамлакат президентлигига сайланган Дональд Трампни ҳокимиятдан четлатиш режаси ишлаб чиқилган. Бу ҳақда RT телеканали сайти хабар тарқатди.

Унинг маълумотига кўра, бундай стратегия демократ ва фаол Дэвид Брок томонидан ўйлаб топилган. Бу лойиҳа ҳақида Флоридада партия вакилларининг инвесторлар билан учрашувидан кейин маълум қилинган. Тайёрланган ҳужжатда Трампни 2020 йилга қадар импичментга олиб келиш чоралари ҳақида айтилган.

Унда АҚШнинг ҳозирги президентининг барча хатолари танқид қилинган. Демократлар Трампни ва унинг оиласини яқиндан кузатиб, уларнинг лавозимни суиистеъмол қилиш ҳолатларини аниқлашмоқчи. Шунингдек, янги маъмуриятнинг ҳаракатларини, уларнинг бошқа давлатлар раҳбарлари билан муносабатларини синчиклаб кузатиш учун махсус гуруҳ тузилиши режалаштирилган.

Яна бир муҳим жиҳат сифатида президентни қўллаб-қувватлаб турган ОАВнинг ёлғон хабарларига қарши туриш назарда тутилган. Демократлар бу масалада Facebook билан ҳамкорлик қилишни ҳам режалаштирган. Бундан ташқари, Трампга телефон орқали интервью беришни тақиқлаб, унинг барча саволларга шахсан жавоб беришини талаб қилишмоқчи.

Стратегиянинг ҳаётга татбиқ этилиши учун барча инвесторлар ва фуқаролар ҳамжиҳатликда ҳаракатланиши кераклиги қайд этилган.

Брок АҚШ собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг иттифоқчиси ҳисобланади. Аммо уни партиядошлари жиддий қабул қилишмайди.

Трамп 2016 йилнинг 8 ноябрида ўтказилган президентлик сайловида асосий рақиби Ҳиллари Клинтон устидан ғолиб чиқиб, АҚШнинг 45-президентига айланди. У 2017 йилнинг 20 январида президент сифатида қасамёд қилиб, вазифасига киришди.

Мавзуга оид