Light | 16:05 / 25.02.2017
52905
9 дақиқада ўқилади

Билл Гейтснинг биз билмаган қирралари

Билл Гейтснинг ҳаёти ҳақида кино суратга олса арзийди: Ҳарвардни ташлаб кетган, энг бадавлат миллиардер ва дунёдаги энг машҳур хайрияпарвар бўлган. Business Insider у ҳақида кўпчиликка номаълум қизиқ фактларни танлаб тақдим этди.

Гейтс мактабда юқори синфларда ўқиган пайтларида маъмурият ундан компьютерда дарслар жадвалини тузиб чиқишни сўраган. Гейтс дастурни шундай тузганки, ўзини мактабдаги энг чиройли қизлар билан бир синфларга тақсимлаган.

Гейтс Ҳарварддаги олдиндан ёзилган маърузаларига ҳеч қачон кирмаган, бунинг ўрнига ўзи хоҳлаган жойларга борарди. Шундай бўлишига қарамай, у имтиҳонлардан аъло баҳолар олишни уддаларди.

Ҳарвардда 20 ёшли Гейтс мураккаб математик вазифани ечиб, алгоритм ўйлаб топган. Уни 30 йилдан кейин яхшилашга муваффақ бўлинган. Бироқ профессор Гейтсга қўнғироқ қилиб, унинг иши илмий журналда чиқишини айтганида кеч бўлганди - Гейтс Ҳарвардни тарк этиб, Microsoft компаниясига асос солганди.

"Икки йил ўтгач, мен унга қўнғироқ қилдим ва бизнинг мақоламиз нуфузли математик журналлардан бирида чоп этилишини айтдим. Бу уни мутлақо қизиқтирмасди. У Нью-Мехико штатидаги Аль­бу­кер­ке шаҳрига кўчиб ўтди ва микропроцессорлар учун кодлар ёзиш билан шуғулланувчи фирмага асос солди. Ёдимда, ўшанда ўзимча ўйлагандим: "Жуда ақлли бола. Афсуски, шундай бемаъни ишлар билан шуғулланиб юрибди!", - дея хотирлайди Ҳарвард профессори Хри­стос Па­па­ди­мит­риу.

Билл Гейтс Microsoft'нинг илк идораси жойлашган Альбукерке атрофидаги саҳролар бўйлаб шиддат билан ҳаракатланарди. Бир куни дўсти унга Porsche 928 спорткарини бериб турди - Гейтс ЙТҲга учради. Автомобилни таъмирлаш ишларига бир йил кетди.

Альбукеркедан Сиэтлга, янги уйига Porsche 911'да кетаётган Гейтс тезликни оширгани учун уч марта жаримага тортилди. Улардан иккитасини бир полициячи ёзган.

Билл Гейтс Microsoft ходимларининг автомобиль рақамларини ёдда сақлаб қолган ва уларнинг ишда ёки ишда эмаслигини шу тариқа текширарди.

"Улардан ўзим каби иш билан ёниб яшашни талаб қилмаслик учун ўзимни қўлга олишимга тўғри келарди. Мен ўз ходимларимнинг автомобиллари рақамларини ёдда сақлардим ва уларнинг ишга келиш-кетиш вақтини назорат қилиш учун автотураргоҳга чиқиб қарардим. Охир-оқибат тизгинни бўшаштиришимга тўғри келди, зеро компания кенгайди", - дейди Гейтс The Telegraph газетасига берган интервьюсида.

Билл Гейтс Windows'нинг "Сапер" ўйинига шу қадар фанат бўлгандики, ҳатто ишга диққатини жамлаш учун уни идорадаги комьютеридан ўчиришга тўғри келди.

Microsoft ходими "Сапер"ни Гейтсдан яхши ўйнайдиган дастурни тузганида, Билл унга электрон хат ёзди: "Агар машиналар қўйилган вазифаларни тезроқ уддаласа, одамлар қандай қилиб ўз нуфузини сақласин?".

1990 йилда Microsoft'да ишлар жуда яхши кетаётган эди. Бироқ компания сиёсати шундан иборат эдики, ходимлар ишчи сафарларига "эконом-класс"да учишларига тўғри келарди. Гейтснинг ўзи ҳам узоқ вақт давомида "эконом-класс"да парвоз қилган.

Microsoft катта вице-президенти бўлган Брэд Силверберг шундай хотирлайди:

"1990 йилда компанияга келганимдан сўнг мен, Билл ва жамоадаги яна бир неча киши мижозлар билан учрашиш учун Сиэтлдан Нью-Йоркка учаётгандик. Бу деярли 25 йил аввал, Windows 3.0 ишга туширилгандан кейин эди, бироқ Microsoft ўша даврда ҳам таниқли компания ҳисобланарди. Шундай бўлса ҳам, корпоратив сиёсатга кўра, ҳамма "эконом-класс"да учиши керак эди. Биллнинг ўзи ҳам шу тоифада парвоз қиларди. Унга жойнинг қандай бўлиши аҳамиятсиз эди, чунки бутун парвоз давомида у мутолаа билан банд бўларди. У вақтлар Биллни ҳозиргидек танишмасди, шу боис у ҳеч қандай муаммосиз оддий рейсда уча оларди. Менда, яъни Microsoft'нинг янги ходимида Билл кўрсатган ибрат катта таассурот қолдирган".

Кейинчалик Гейтс хусусий самолёт харид қилди.

Stack Overflow асосчиси Жоэл Спольски Microsoft'нинг биринчи ходимларидан бўлган:

"Илгари бизда Билл Жи резолюцияси бўларди". У деярли барча маълумотларни текширарди.

Йиғилишлардан бирида менинг жамоамда ягона вазифаси Биллнинг неча марта сўкинганини ҳисоблашдан иборат бўлган киши қатнашган. Қанча кам бўлса, шунча яхши ҳисобланарди.

Йиғилишдан кейин у менга "4 марта" деди ва атрофдагилар "Ооо, ҳеч қачон бунчалик кам бўлмаганди. Афтидан Билл кексайган сари юмшаб бораётган кўринади" дейишди. У ўша пайт 36 ёшда бўлган. Кейин эса менга тушунтиришларича, аслида Билл барча техник тафсилотларга берилмаган, лекин унга инсоннинг вазиятни тўлиқ назорат қилишини билиш муҳим бўлган. Унинг энг оддий ёндашуви шундан иборат эдики, сиз охир-оқибат ниманидир билмаслигингизни тан олмагунингизга қадар бири-биридан қийин саволлар бераверарди. Билмаслигингизни айтганингизда эса, ҳеч нарса тайёр эмаслигини айтиб, бақиришни бошларди. У ўйлаб топган энг мураккаб саволга жавоб топган инсонга нима бўлишини ҳеч ким билмаган, чунки ҳеч қачон бундай бўлмаган.

Бу ўз ҳосилини берган. Билл Гейтс ишнинг техник томонини жуда яхши илғарди. У ўзи ишонган одамлари бўлса, дастурий таъминотни ишлаб чиқишга аралашмасди. Бироқ ҳеч ким унинг "қулоғига лағмон ила олмасди", чунки у дастурчи бўлган. Ҳақиқий яхши дастурчи".

Microsoft компанияси IBM учун биринчи лицензияланган операцион тизимни ишга туширганида IBM'дагилар Гейтс ва унинг компанияси DOS тизимида қандайдир ўйинлар яратишини исташган. Натижада Гейтс ва Нейл Конзен тунги соат 4гача, DONKEY.BAS ўйинини ёзишган.

Apple Macintosh'да илк марта IBM компьютерини кўришганида DONKEY.​BAS уларни шу қадар ҳайратга солдики, улар Гейтснинг муаллифлигига ишона олишмасди.

"Биз бундай ёмон ўйиннинг ҳаммуаллифи Microsoft асосчиси эканлиги ва Гейтс бунинг муаллифлигига қўл қўйганидан ҳайратландик", - дейди Apple собиқ ходимларидан бири Энди Хер­ц­фельд.

Билл Гейтс идиш ювишни яхши кўради ва деярли ҳар куни кечқурун шундай қилади. "Гап бу ишни бажаришга бошқа одам йўқлигида эмас, шунчаки менинг ўзимга идиш ювиш ёқади", - дея изоҳлайди у.

Интервьюлардан бири олинаётган пайтда Билл Гейтс ҳожатхонага кириб, эшикни қулфлаб олди ва журналист кинояли танбеҳлари учун узр сўрамагунга қадар у ердан чиқмаган.

Microsoft ҳақида ёзувчи журналист Жо Фоули шундай ҳикоя қилади:

"Бу жуда қизиқ бўлганди. Биз бир неча бошқа журналистлар билан бирга ундан PC Week нашри учун интервью олаётгандик. Уларнинг орасида Жон Жож ҳам бўлган. Унинг интервью олиш услуби меникидан анча фарқ қилади. Жорж - мен ишлаган энг яхши раҳбарлардан бири, бироқ у ўз интервьюларида кесатишни яхши кўради. У ҳар гапида Гейтсга киноя қиларди. Гап "бозор" атамаси ҳақида бораётганди".

Гейтс секин-аста асабийлаша бошлади. Охир-оқибат ўрнидан шарт туриб, ҳожатхонага яшириниб олди ва у ердан чиқишни истамади. "Жон узр сўрамагунича бу ердан чиқмайман" деди у. Жон эшик олдига бориб "Узр сўрайман" деди. Шундан кейингина Гейтс чиқди.

У пайтлар Билл Гейтс бошқа одам эди. У фарзандли бўлганидан кейин мутлақо ўзгарди. Бунга қадар у оддий ботаник бўлган, кейин эса одамийлик жиҳатлари очила бошлаган. Шунинг учун одамларга Гейтснинг аввалги пайтлари ҳақида сўзлаганимда менга ҳеч ким ишонмайди. "Билл Гейтс-а? Бўлиши мумкин эмас!", - дейишади улар.

Энг катта муҳокамага сабаб бўлган интервью 1994 йилда бўлиб ўтган. Гейтс CBS каналига интервью бераётиб, студияни тарк этган. Бунга Конни Чангнинг Microsoft'га қарши олиб борилган аксилмонополия тергови ҳақида ёқимсиз саволлар бергани сабаб бўлган.

Бироқ бундан аввал у жойидан қимирламай, креслонинг устидан сакраб ўтиш қобилиятини намойиш этишга улгурган. Ишонмасангиз, видеони кўришингиз мумкин.

2014 йилда Гейтс Reddit порталига берган интервьюсида йиллар ўтган сайин унинг енгил атлетикага доир  кўникмалари ёмонлашганини айтади. "Эҳтиёт бўлинг. Агар "ўхшамай қолса", бирор жойингизни синдириб олишингиз ҳеч гап эмас".

Мавзуга оид