22:19 / 27.02.2017
51372

Абдусалом Азизов: Сурхондарёда жиноятлар яширилиши давом этмоқда

Ўзбекистон ички ишлар вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов Сурхондарё вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳисоботга путур етказиши мумкин бўлган жиноятларни яшираётганлари учун танбеҳ берди. Бу ҳақда ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.     

Азизов бундай фактларни Сурхондарё вилояти прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси ходимларининг қўшма мажлисидаги ҳисоботида келтириб ўтди.

Ички ишлар идораларининг маҳаллий ҳокимиятлар, қоидабузарликлар ва жиноятларга қарши курашувчи, жамоатчилик тартибини муҳофаза қилувчи, фуқаролар осойишталигини таъминловчи жамоатчилик ташкилотлари билан биргаликдаги иши салбий баҳоланди.

"Вилоятда қоидабузарликлар профилактикаси етарли даражада эмаслиги, жиноятчиликка қарши курашнинг бўшлиги сабабли содир этилган жиноятлар фош қилиниши кўрсаткичлари мунтазам пасаймоқда. Сифатсиз тергов ҳаракатлари туфайли кўплаб жиноий ишлар қўшимча тергов қилиш учун қайтарилмоқда. Афсус-надомат билан шуни таъкидлаш жоизки, ҳанузгача жиноятларни яшириш амалиёти давом этмоқда", деб айтди вазир.  

Вазир кўрсатиб ўтган хато ва камчиликлар билан бир қаторда қидирувда бўлган жиноятчиларни тутиш бўйича етарлича иш олиб борилмаётганини қайд қилди. Азизов ўз ҳисоботида ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбариятини вилоятда қуйи бўғинлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, уларнинг инструктажи бўш олиб борилиши, уларнинг кундалик фаолиятини назорат қилиш заифлашгани учун танқид қилди.

Top