Ўзбекистон | 11:35 / 02.03.2017
17816
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон - БМТ: Тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик йўлида 25 йил ҳамкорлик

Бугун, 2-март куни Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га аъзо бўлганига роппа-роса чорак аср тўлди. Айнан шу куни мазкур глобал тузилманинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида унинг тенг ҳуқуқли аъзоси - мустақил Ўзбекистоннинг байроғи ҳилпиради.

Ташкилот билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсий фаолият концепциясининг асосий вазифаларидан бири - Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, минтақани хавфсизлик ва барқарор тараққиёт ҳудудига айлантириш ишига муҳим эътибор қаратилади, деб таъкидлаб ўтди “Жаҳон” ахборот агентлиги.

Ўзбекистон БМТнинг глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларида фаол иштирок этиб келади. Президент Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисидаги ташаббуси ушбу йўналишдаги фаолиятга муҳим улуш бўлиб қўшилди. Маълумки, мазкур таклиф минтақа давлатлари томонидан 2006-йилнинг 8-сентябрида Семипалатинск шаҳрида имзоланганди, 2009-йил март ойида минтақанинг қолган барча давлатлари томонидан ратификация қилинганидан сўнг кучга кирди. 

БМТнинг терроризмга қарши курашиш бўйича 13 та конвенциясининг барчасида иштирок этаркан, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини мазкур офатни бартараф этиш йўлида бирлаштириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши доирасида Аксилтеррор қўмитанинг таъсис этилиши мамлакат раҳбарияти томонидан 1999 йилда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Истанбул саммитида таклиф этилган Терроризм билан кураш бўйича Халқаро Марказни яратиш ғоясининг натижаси ҳисобланади.

Ўтган йиллар давомида БМТнинг қўллаб-қувватлаши остида Ўзбекистонда глобал даражадаги бир нечта кенг кўламли тадбирлар ўтказилди. Хусусан, 2014-йилда Урганч шаҳрида “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман якунида Орол денгизи ҳавзасида миллий ва минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди ва умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг бўлган битимлар имзоланди.

2015-йил сентябрь ойида Барқарор Ривожланиш мақсадлари саммити чоғида Ўзбекистон БМТ шафелигида Орол денгизи ва оролбўйи ҳудуди бўйича трастжамғармасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Бунинг натижасида 2017 йилда БМТнинг бир қатор агентликларида “Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожеасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш” мавзусидаги кенг кўламли лойиҳа ишга туширилди.

Шак-шубҳасиз, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик фаолиятининг дастлабки 25 йилида барча соҳаларда жадал ривожланди. Мамлакатимизнинг ташкилот доирасида илгари сурган таклиф ва ташаббуслари дунё ҳамжамияти томонидан тўла қўллаб-қувватланди ҳамда бутунжаҳон тинчлиги, барқарорлиги ва турғун ривожланишини таъминлашга улкан амалий ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Мавзуга оид