Жамият | 12:22 / 08.03.2017
65595
5 дақиқада ўқилади

Бухоро вилояти ҳокими билан очиқ суҳбат (видео)

Ўктам Барноев / Фото: Kun.uz

Кун.uz таҳририяти 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан Ўзбекистоннинг турли вилоятларига ижодий сафар уюштириб, раҳбарлар, мутасаддилар ва аҳоли билан мулоқот ўтказишда давом этмоқда. Таҳририятнинг навбатдаги сафари Бухоро вилоятига бўлди.

Сафар давомида вилоят ҳокими Ўктам Барноев билан турли масалаларда очиқ суҳбат бўлиб ўтди. Ушбу суҳбат давомида вилоятда мавжуд муаммолар тилга олинди ва уларнинг ҳал этилиши борасида фикрлар ўртага ташланди. Истиқболдаги режалар ойдинлашди.

Халқ билан ишлаш тамойили

- Бухоро вилояти ҳокими сифатида фаолият юритаётганимга икки ой тўлган бўлса, шу вақт орасида 500 нафардан ортиқ бухоролик турли масалаларда мурожаат қилди. Улар билан бевосита мулоқот қилинди. Бу ҳамон давом этмоқда. Ҳафтанинг ҳар икки кунида аҳоли билан юзма-юз учрашиб, одамларнинг дарди, муаммоси тингланаяпти, масалалар амалий жиҳатдан ҳал этиляпти. Сонларга эътибор қаратадиган бўлсак, ушбу мурожаатларнинг 70 фоизи ижобий ҳал этилди. Ҳал этилган ушбу мурожаатларга иш ўрни билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизими билан боғлиқ масалалар киради. Энг кўп мурожаатлар эса уй-жой масалалари бўйича бўляпти ва айтганимдек, ижобий ҳал этиляпти.

Бу тизимда неча йиллардан бери фаолият юритаётган бўлсам, халқ билан мулоқотда амалий ёндашув бу даражада бўлмаган. Тан олиб айтишим керак-ки, раҳбарлар халқ билан гаплашмай қўйганди. 

Президентимиз томонидан Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши ҳам бу борада олиб борилаётган тизимли ишлардан бири ҳисобланади. Айтиш мумкинки, тонгги саккиздан кечки олтига қадар ишлаётган ушбу қабулхоналар фуқаролар муаммоси тезкор равишда ҳал этилишига туртки бўляпти.

Вилоятдаги қишлоқ хўжалиги

- Бухорода қишлоқ хўжалиги деганда, аввало, чорвачилик кўз олдимизда гавдаланади. Айни кунларда вилоятда 2,5 миллион бошдан ортиқ қорамол, 2,5 миллион бошга яқин қўй ва эчки ҳамда 3,5 миллиондан ошиқ парранда боқиб-парваришланяпти. 

Биринчи Президентимизнинг наслчилик борасида амалга оширган ишларини алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдим. Мен у пайтларда ҳукуматда фаолият юритардим ва ана шу йўналишда қабул қилинган қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этганман. Ўшанда наслчилик ҳақида, четдан қорамол олиб келиш тўғрисида айтилган гапларга ҳеч ким ишонмаган эди. Сабаби улар жуда қиммат бўлиб, парвариши ҳам алоҳида эътибор талаб этарди. Шу боис бошида уларга бўлган талаб юқори бўлмаган, ҳозир эса аксини кўришимиз мумкин. 

Бухорода чорвачиликнинг, асосан, қўйчилик йўналиши жуда кенг ривожланган. Айнан шу йўналиш билан шуғулланадиган ширкат ва фермер хўжаликлари бугун вилоятда кенг фаолият олиб бормоқда. Бухоро чўлларида, яйловларида парваришланаётган қўйларга талаб жуда юқори, чунки бу жониворларнинг гўшти ва териси сифат жиҳатидан анча яхши ҳисобланади.

Аҳолига қўшимча даромад

Паррандачилик ҳам бугун аҳолига қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Мен яхши эслайман, бундан 20 йил муқаддам Бухоро вилоятида паррандалар сони 500 мингга ҳам бормасди. Бу сонлар бугунга келиб 3,5 миллион бошдан ошиб кетди. Чунки одамларда қизиқиш, интилиш, ҳаракат юқори бўляпти. 

Биз Ғиждувон туманидаги бир хонадонга ташриф буюрганимизда, улар паррандачилик билан шуғулланар экан. Бошида 1-2та товуқ билан бошланган иш, бугунга келиб 1000дан ошиқ товуқни боқиш билан давом этяпти. Бу ўша хонадон эгасининг ўз ҳовлисидаги товуқлар сони. Бундан ташқари, у атрофидаги қўшниларига 100тадан товуқ бериб, жами 2000дан зиёд товуқни ён-атрофдаги одамларга боқтираётган экан. Бу, албатта, ҳар икки томонга ҳам яхши манфаат беради.

Вилоят электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги ҳолат

Юқорида айтиб ўтганимдек, ушбу лавозимда фаолият юритаётганимга кўп бўлмаган бўлса-да, тумандаги барча фаоллар ва тадбиркорлар билан учрашиб чиқдим. Бу учрашувларда кўриниб қолдики, асосий муаммо электр энергияси ва табиий газ таъминоти масаласи эканлиги маълум бўляпти.

TAS-IX

YouTube

Мавзуга оид