15:48 / 08.03.2017
83722

Тошкент вилоятида мудҳиш қотиллик: Эркак хотини ва қизини ўлдирди

Ичкилик инсонни фарзандидан, ота-онасидан, қариндошидан, қолаверса, оиласи-ю инсонийликдан айириб юборишга қодирлиги ҳамиша ўз исботини топиб келган. Собир Қораев 2000 йилда Дилдорага уйланиб, Қуйичирчиқ туманидаги хонадонлардан бирида яшаб келаётган эди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Нима жин урди-ю, сўнгги беш-олти йилдан буён ичкиликка берилиб, оиласи олдидаги масъулиятни ҳам унутиб юборганди. Маҳалла оқсоқоллари-ю, ота-оналар, қўни-қўшни ва қариндошларининг панд-насиҳатлари унга заррача кор қилмади. Орадан йиллар ўтди. Бироқ С.Қораев ичкиликни ташламади.

2016 йил 20 июнь. Соат 23:30ларда Собир одатдагидек спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда уйига кириб келди. Аёли Дилдора Саидова унга пешвоз чиқди-ю, эрининг яна маст эканлигини кўриб, ҳафсаласи пир бўлди.

-  Яна ичиб келдингизми? Бир кун ичмасангиз кунингиз ўтмайдиган бўлиб қолди ўзи...

-  Ширин сўзинг йўғ-а, хотин! Койиганинг-койиган. Уйга келсам, асабларим бузилади. Сени дастингдан уйга келишга ҳам безиллаб қолдим. “Минғир-минғир” қилавериб, жонимдан тўйдирдинг...

Уларнинг баҳси жанжалга айланиб кетди. Ошхонадан болға олиб, аёлининг бошига бир неча марта туширди. Қий-чувдан уйғониб кетган 16 ёшли қизи Замира уларнинг жанжалига аралашиб қолди. Мастлик устун келиб, Собир Замирани ҳам болға билан ура кетди.

Шундан сўнг у ётоқхонадан ҳовлига чиқди. Аммо ваҳшийлик кайфияти уни ҳамон тарк этмаган эди. Ҳовли бурчагида ётган темир бўлаги (арматура)ни олиб, ётоқхонага қайтиб кирди. Темир бўлагини ишга солди...

Она-бола воқеа жойида вафот этишди. Қотил эса қонга беланган кийимларини алмаштириб, болға ва темирни ҳам ювиб, гўё ҳеч нарса бўлмагандек акасининг уйига йўл олди. Воқеадан хабар топган ака ИИБга бориб, бу ҳақда хабар беришни, айбига иқрор бўлишни маслаҳат берди. У акаси айтгандек йўл тутди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди Собир Қораевга 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Top