Жаҳон | 22:30 / 09.03.2017
15445
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея армияси ўта аниқ интеллектуал ракеталар билан қуролланмоқчи

Шимолий Корея армияси ўта аниқ интеллектуал ракеталар билан қуролланади ва " ракета зарбаларини беришнинг янги усулларини ўзлаштириб олади". Бу ҳақда Шимолий Корея армияси стратегик қўшинлари вакилининг баёнотида айтилган.

Вакилнинг айтишича, Шимолий Корея армияси қўшинлари "агар душманнинг бирорта ўқи Шимолий Корея ҳудудига тушса, агрессорлар ва иғвогарларнинг базаларини ядровий жанговар каллаклар билан жиҳозланган ракеталар ёрдамида кулини кўкка совуради".

6 марть куни Шимолий Корея 4 та баллистик ракета синовини ўтказганди. Бунда иштирок этган Шимолий Корея артиллерия қисмлари Японияда жойлашган АҚШ базаларига ракета зарбаларини бериш бўйича тактикани машқ қилишган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Кореянинг "борган сари барқарорсизлантирувчи хатти-ҳаракатидан" хавотир билдирмоқда. 7 март куни БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан маъқулланган баёнотда таъкидланишича, Шимолий Корея ҳарбийлари ракета синовларини ўтказиб ядровий қуролни етказиш воситаларини такомиллаштирмоқда ва шу билан "минтақада қуролланиш пойгаси хавфини кучайтирмоқда".

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид