Ўзбекистон | 23:12 / 10.03.2017
12723
3 дақиқада ўқилади

Президент Бухорода қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳалар билан танишди

Бухоро вилоятида ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Аму-Бухоро ирригация тармоқлари лойиҳаси тақдимоти билан ҳам танишди.

ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 25 августдаги қарорига мувофиқ «Аму-Бухоро ирригация тизимларини қайта тиклаш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу кунгача Қуйи мозор, Қоракўл ва Олот насос станциялари реконструкция қилинди.

Умумий қиймати 406 миллион доллардан ортиқ бўлган мазкур лойиҳа доирасида Аму-Бухоро-I янги насос станцияси қурилади, Аму-Бухоро-II, Қуйи Мозор, Қизилтепа ва Қизилтепа-I насос станциялари реконструкция қилинади.

Бунинг самарасида Бухоро вилоятида 275 минг, Навоий вилоятида 40 минг гектар ер сув билан барқарор таъминланади. Йилига 134,2 миллион киловатт электр энергияси, 25,6 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағи тежалади.

Президентимиз бу ирригация тизими Бухоро учун жуда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, ажратилган маблағ ва техникалардан оқилона фойдаланиш, белгиланган тадбирларни ўз вақтида амалга оширишга эътибор қаратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ернинг ўзида жорий йилда Бухоро вилоятида ташкил қилинадиган интенсив мевазор ва узумзорлар режаси ҳам намойиш этилди.

Президент Бухоро туманида қурилаётган қиймати 21,8 млн долларлик агрологистика марказини ҳам бориб кўрди.

«Ўзбекистон Миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъэктларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Property Industry компанияси таъсисчилигида Бухоро туманида 38 гектарда агрологистика маркази барпо этилмоқда», дейилади хабарда.

Умумий қиймати 21,8 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида марказда Хитой, Германия, Дания технологиялари асосида мева-сабзавотларни қуритиш, музлатиш, мураббо, жем ва тузламалар ишлаб чиқариш қувватлари, музлаткич ва сублимация ташкил этилади.

Бу йилига 10 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш, дастлабки йилларда 6,5 миллион доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилиш имконини беради. Натижада 250 доимий иш ўрни яратилади.

Ушбу агрологистика марказида маҳаллий хом ашё асосида эни 12 метрлик полиэтилен плёнкалар, агрокимёвий воситалар ва суюқ ўғитлар ҳам ишлаб чиқарилади. Шу пайтгача хориждан олиб келинган бу маҳсулотлар импорт ўрнини босиш билан бирга экспортга ҳам йўналтирилади.

Шавкат Мирзиёев ушбу марказ лойиҳаси билан танишар экан, бу ерда экспортбоп маҳсулотлар экиш, коммуникация тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Мавзуга оид