23:44 / 16.03.2017
7139

Ford қоронғида пиёдаларни уриб юборишдан сақловчи тизим яратди

Ford автомобилсозлик компанияси қоронғида пиёдаларни аниқлаб, улар олдида машинани автоматик тарзда тўхтатувчи тизим яратди.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, европалик ҳайдовчиларнинг 80 фоизидан кўпроғи куннинг қоронғи вақтида машина бошқаришда қўрқув ва ўзларига ишончсизлик сезадилар. Сўралганларнинг ярмидан кўпи бундай вақтда йўлни ва атрофдаги вазиятни ёмон кўришларидан асабийлашишларини, учдан биридан кўпроғи эса йўл-транспорт ҳодисасига тушишларидан қўрқишларини айтишган. Бу хавотирлар асоссиз эмас, чунки аксарият йўл-транспорт ҳодисалари қоронғи вақтда юз берар экан.

Ford яратган тизим машинанинг олд бамперида ўрнатилган радар ва пешойнага ўрнатилган камерага таянади. "Пиёдалар қиёфалари" киритилган маълумотлар базаси тизимга одамларни дарахтлар ва йўл белгилари каби объектлардан фарқлашга имкон беради.

Камера бир сонияда 30 дан кўпроқ сурат олади ва кенг кўриш бурчагини таъминлайди. Ҳосил қилинган видеоқатор реал вақтда таҳлил қилинади. Натижада тизим пиёдаларни тунги вақтда ҳаттоки ёритилганлик паст даражада бўлган ва автомобиль фаралари ёруғлигида ҳам аниқлаши мумкин.

Тизим агар пиёда билан тўқнашув муқаррар эканлигини англаса, у дастлаб ҳайдовчига товушли сигнал ва визуал огоҳлантириш беради. Агар ҳайдовчи бунга жавоб бермаса, унда тизим машинани автоматик тарзда тўхтатади.

Жорий йилда ушбу тизим кейинги авлоддаги Ford Fiesta автомобилида тақдим қилинади. 

Top