Жамият | 18:23 / 18.03.2017
20151
2 дақиқада ўқилади

Бухоро вилояти олий таълим муассасаларида “Наврўз” сайли бошланди

Тошкент ирригация ва мелиорация институти Бухоро филиалида “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан “Қадрият, урф-одат, анъана” шиори остида сайл бўлиб ўтди. Байрам сайлида 1250 киши иштирок этди. 
Байрам дастури доирасида Наврўз руҳи акс эттирилган бадиий чиқишларда халқ лапарлари, сумалак сайли, мучал тўйи, ёр-ёр, мухаммасхонлик, ёмғир чақириш, бешикка боғлаш маросимларида  талабаларнинг чиқиши шодиёнага айланиб кетди. “Миллий спорт ўйинлари” танловида арқон тортиш, тош кўтариш, кураш, беш тош каби тарихи асрларга тенг ўйинлар ёшларга завқ-шавқ бағишлади.

Сайлда кафедраларнинг “Ош танлови”, академик гуруҳларнинг “Байрамона безатилган “Наврўз” дастурхони”,  “Миллий либослар”, “Варрак учириш” танловлари ўтказилди. 
Шунингдек, сумалак, ҳалим, ош, кўк сомса, тухумбарак, кўк чучвара каби миллий таомларнинг тайёрланишида талабаларнинг бевосита иштироки уларда миллий анъаналаримизга садоқат руҳини уйғотди. 

Сайлда Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев, Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Бухоро халқаро аэропорти директори Тоҳир Баҳроновлар иштирок этиб, Наврўp байрами билан табриклашди.

Айниқса севимли санъаткоримиз Бобомурод Ҳамдамов томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар сайл иштирокчиларига кўтаринкилик бағишлади.
Бугунги сайл ёшларимизда милий қадриятларимизнинг бардавомийлигини таъминлашга хизмат қилди.
Зеро, Наврўз элимизда ободлик, тинчлик-тотувлик, миллатларо аҳиллик, бағрикенглик рамзи, қалбларимизда эзгулик уйғотадиган ҳақиқий шарқона байрамдир. Наврўз шукуҳи ва шодиёналари давом этмоқда.

Мавзуга оид