Жамият | 17:54 / 18.03.2017
64523
3 дақиқада ўқилади

Сумалак илоҳий таомми...?

Ҳар йили баҳор фасли келиши билан юртимизда Наврўз таоми ҳисобланувчи сумалак тайёрланади. Бу таом халқимиз урф-одати, ҳаёти ва анъанасига шунчалик сингиб кетганки, ҳатто нотўғри тушунчалар ҳам пайдо бўлган. Хусусан, исломий ақидаларга тўғри келмайдиган турли хил фикрлар, гап-сўзлар халқ орасида оммалашган. Кўплар шунга ишониб ҳам қолган. Хўш, аслида, бундай фикрлар ҳақиқатга яқинми? "Сумалакни ковлаган, ундоқ ёки бундоқ бўлади" деган гаплар қанчалик асосли? 

Бу каби саволларга эса, албатта, диний таълимга эга кишилар асосли равишда жавоб бера олишади. Тошкент шаҳар ва “Минор” жоме масжиди бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов шундай жавоб берган:

“Мана сумалак қилинади Наврўзда. Сумалак қилса яхши. У витаминларга бой. Яъни таркибида жуда кўп озуқавий қиймати юқори бўлган минераллар ва витаминлар бор. Илгари инсонлар буни бекорга тайёрлашмаган. У кучли таом ҳисобланади. Уни истеъмол қилган одамда қувват пайдо бўлади.

Аммо, шу ўринда халқимиз орасида кенг тарқалган айрим бидъат ва нотўғри тушунчалар ҳам бор ва уларни ҳануз учратиш мумкин. Хусусан, сумалак пиширсанг жаннатга кирасан, еттита тош ташласанг ундоқ, буни қилсанг мундоқ, буларнинг барчаси беҳуда, аҳмоқона гаплардир. Сумалак билан шавла ва паловнинг ҳеч қандай фарқи йўқ. Ҳаммаси таом ҳисобланади. Бўлди, уни илоҳийлаштириш керак эмас. Баъзилар ҳолвайтар қилиш керак, дейишади. Илоҳий таом бўлмайди, таом Аллоҳнинг берган неъматидир. Ҳар хил гап бор-ку, масалан хотинларнинг қатлама қилиш керак, у қилиш керак, бу қилиш керак, деган гапларини эшитиб қоламиз. Буларнинг барчаси бидъат гаплар, гуноҳ гаплар. У (сумалак) овқат, бисмиллоҳ айтиб ейсиз, қувват бўлади, тамом.

Туғмаган хотинлар ковласа фарзандли бўлар экан, деган ишонч ҳам қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмас. Фарзандни Аллоҳ беради, сумалак бермайди. Бу каби ишларни қилишдан сақланиш керак. Баъзан шундай ҳолатларга дуч келинадики, етти марта ковласанг гуноҳинг кечирилади, дейишади. Эллик марта ковласанг ҳам кечирилмайди, тавба қилсанг кечирилади. Пишириб, тайёрлаш мумкин. Аммо, таомни илоҳийлаштириш керак эмас”, - дейди Анвар қори Турсунов.

Шундай экан, азиз диндош ўқувчи, хулоса ўзингиздан!

Мавзуга оид