12:25 / 19.03.2017
145267

«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонун кучга кирди

17 март кунидан эътиборан «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонун кучга кирди. Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 12 августида қабул қилиниб, 24 августда Сенат тасдиғидан ўтган, 16 сентябрь куни эса ўша вақтда Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланганди. Қонун 17 сентябрь куни «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида эълон қилинган ва олти ойдан сўнг кучга кирадиган бўлганди.

Қонун ички ишлар органларининг асосий вазифалари ва улар фаолиятининг йўналиш ва тамойилларини белгилаб беради. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мол-мулкларини қўриқлаш, конституцион тузум, қонун устуворлиги, шахслар, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бошқалар асосий вазифалар сифатида келтириб ўтилган.

Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий тамойиллари қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш, очиқлик ва шаффофликдан иборат.

Ички ишлар органлари ходимлари ўз фаолиятида Конституция, янги қонун ва бошқа қонунчилик актларига аниқ риоя қилиши ва талабларини бажариши шарт. Ички ишлар ходимларининг ўз фаолиятида қонунларни бажариш ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниши қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Ички ишлар органлари ходимлари хизмат мажбуриятларини бажариш чоғидаги ўзининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) оқлаш учун хизмат манфаатлари, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги, юқори турувчи мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф талаблари, буйруқлари ва фармойишларини ёки қонунга мувофиқ бўлмаган бошқа бирор-бир ҳолатни рўкач қилиши мумкин эмас. Ички ишлар органлари ходимларига кимнидир ғайриқонуний ҳаракатларини содир этишга бевосита ёки билвосита қизиқтириш, кўндириш, ундаш тақиқланади.

Қонунга мувофиқ, ички ишлар органлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Шунингдек, қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ман этилади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт ҳисобланади.

Ислом Каримов Ўзбекистонда "Ички ишлар органлари" тўғрисида қонун ишлаб чиқилишини таклиф қилди

Top