18:54 / 21.03.2017
6426

Имомали Раҳмон зиёлиларни ёшларда ватанпарварлик туйғусини уйғотишга чақирди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Наврўз байрамида анъанага кўра, мамлакат зиёлилари билан учрашув ўтказди. 

Президент зиёлилар олдида чиқиш қилар экан, қадимий Наврўз байрами, унга хос бўлган урф-одатлар ҳақида сўз юритди ҳамда тожик зиёлилари ушбу қадимий байрам тарғиботини кучайтиришига ишонч билдирди. Бу ҳақида Тожикистон президентининг матбуот хизмати хабар берди. 

"Зиёлилар қатлами, жамиятнинг фаол ва қудратли кучи сифатида миллий онг шаклланиши ва ўзликни англашда жуда муҳим роль ўйнаши, миллат ва давлат манфаатларини содиқ ва қатъий ҳимоя қилиши мумкин", - дея таъкидлади Тожикистон давлат раҳбари.

Имомали Раҳмон зиёлилар вакиллари ёш авлоднинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаши кераклигини таъкидлади. 

"Сиз ҳар бир ўсмир ва ёшнинг юрагида миллий ифтихор ва қайноқ ватанпарварлик ҳиссини уйғотишингиз, уларни илм-фан ҳамда касб-ҳунар ўрганишга йўналтиришингиз, шунингдек уларни Ватан фаровонлиги йўлида хизмат қилишга ундашингиз керак".

У мамлакатнинг барча илмий-таълим тузилмаларига ёш зиёлилар учун қулай шароитлар яратиш топшириғини берди. 

Миллат етакчиси зиёлилар ва мамлакат аҳолисини Наврўз умумхалқ байрами билан табриклаб, уларга бахт ва фаровонлик тилаб қолди.

Top