21:38 / 28.03.2017
5395

Борт кузатувчиси фавқулодда ҳолат сабаб самолётни қўндиришга кўмаклашди

Германиянинг TUIfly авиакомпанияси борт кузатувчиси ўзини ёмон ҳис қила бошлаган Boeing 737-800 учувчиси  ўрнини эгаллади ва бортдаги 190 нафар йўловчиси бўлган самолётни қўндиришга ёрдам берди. Бу ҳақида Германиянинг авиацион ҳодисаларни ўрганиш бўйича федерал бюроси маълумотига асосланиб, Welt газетаси хабар берди. 

"Жамоа ўзини намунали тутди. Бундай вазият жуда камдан-кам бўлади, қайд этиш жоизки, хавфсизлик чоралари бузилмаган", - дейди авиакомпания вакили. 

2016 йилнинг 11 октябрида Франция осмонида ҳам шундай воқеа юз берган, бироқ бу ҳақида маҳаллий матбуот тергови туфайлигина маълум бўлди. 

Ганновер-Майорка рейси амалга оширилаётган бир пайтда учувчилардан бирининг аҳволи ёмонлашган: қон босими тушиб, боши айланган. Борт кузатувчиси ўзини йўқотиб қўймай, ҳаво кемаси бошқарувига ўтирган. У иккинчи учувчи билан бирга самолётни муваффақиятли қўндиришнинг уддасидан чиққан. Германиянинг авиацион ҳодисаларни ўрганиш бўйича федерал бюроси газетанинг бу маълумотини тасдиқлади.

ГФР Авиация учувчилари итифоқи экспертининг нашрга билдиришича, қолган бир учувчининг ўзи ҳам самолётни ёлғиз қўндириши мумкин бўлган. Шунга қарамай, борт кузатувчининг хатти-ҳаракатлари таҳсинга сазовор, у профессионал ҳамжамият томонидан юқори баҳоланди. 

Top