Жамият | 13:01 / 28.03.2017
10458
5 дақиқада ўқилади

Шайхонтоҳур туманида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг сайёр қабули ташкил этилди

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида 27 март куни ташкил этилган сайёр қабул давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига туман аҳолиси томонидан йўлланган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари, Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Шайхонтоҳур тумани ҳокими, шаҳар прокуратураси, ички ишлар бошқармаси, суд идоралари раҳбарлари, тегишли бошқарма ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинган жорий йилда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари жойларда сайёр қабуллар ўтказиб, аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлаётгани, бундай учрашувлар давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали усулларини жорий этиш йўлидаги амалий ишлардан бири экани алоҳида таъкидланди.

Шу йилнинг 25 март кунига қадар Президентнинг Виртуал қабулхонасига Тошкент шаҳри аҳолисидан 140 мингдан ортиқ ариза ва шикоятлар келиб тушган, шунинг 14 минг 638 таси Шайхонтоҳур туманига тўғри келади. Мурожаатларнинг 13 минг 836 таси жисмоний шахслардан, 802 таси юридик шахслардан келиб тушган. Уларнинг 13 минг 11 таси ёки 88,9 фоизи кўриб чиқилган бўлиб, 1 минг 627 таси ёки 11 фоиздан зиёди кўриб чиқилмоқда.

Туман бўйича уй-жой олиш, уй-жой қуриш учун ер ажратиш, уй-жойларнинг таъмирлашга муҳтожлиги, судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишларнинг кўрилиши ҳамда суд қарорларининг ижроси, банк-молия масалалари, моддий ёрдам, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш, меҳнат ва бандлик, фуқаролик, паспорт олиш ва прописка масалалари бўйича энг кўп мурожаатлар келиб тушмоқда. Шунингдек, таълим-тарбия, ободонлаштириш, иссиқлик таъминоти, ички йўллар ва йўлакларни таъмирлаш, автомобиль йўлларининг талабга жавоб бермаслиги, табиий газ ва электр таъминоти, тадбиркорлик субъектлари ҳамда мулкдорлар фаолиятига боғлиқ масалалар юзасидан ҳам кўплаб шикоят ва аризалар йўлланган.

- Фуқароларнинг мурожаатлари таҳлили асосида қайси соҳаларда ечимини кутаётган муаммолар борлиги аён бўлмоқда, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси раҳбари Мирзоҳид Обидов. - Ҳар ҳафта якуни бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилаётган йиғилишларда бу муаммолар чуқур таҳлил этилиб, уларни ҳал этиш масаласига эътибор кучайтирилмоқда. Президентнинг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига шу кунга қадар аҳолидан 2 минг 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Биз уларни қонун асосида ҳал этиш билан бирга, бу муаммоларни юзага келтираётган сабабларни ҳам ўрганяпмиз. Аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш бўйича тарғибот ишларини ҳам олиб боряпмиз. Бугунги очиқ мулоқотда турли соҳалар мутахассислари томонидан одамларни ўйлантираётган долзарб мавзулар юзасидан аҳолига тушунтиришлар ҳам бериб ўтилаётгани айни муддао бўлмоқда.

- Президентимизнинг халқ билан мана шундай очиқ ва ошкора мулоқот тизимини йўлга қўйгани юртдошларимизнинг кўнглидаги иш бўлди, - дейди Сўнажон Мавлонова. - Бугунги имкониятдан фойдаланиб, Тошкент шаҳар прокурори билан укамнинг бошига тушган муаммо юзасидан суҳбатлашиш имконига эга бўлдим. Фирибгарлар қўйган тузоқ туфайли у боридан ажралиб, ўзи ногирон бўлиб қолган. Бу масалани қонун асосида ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатишадиган бўлишди. Бундан миннатдорман.

Шайхонтоҳур тумани Зулфияхоним кўчаси 10-уйда яшовчи Фотима Аҳмедова ўз уйи атрофини ободонлаштириш, автомобиллар тураргоҳини ташкил этиш масаласида келган экан. Унинг асосли таклифи туман ободонлаштириш хизмати ходимлари томонидан қўллаб-қувватланди. Ф.Аҳмедова бир неча йилдан буён ҳал бўлмасдан келаётган бу иш шу ернинг ўзида қаноатлантирилганидан мамнун.

Туманнинг Гулобод кўчасида истиқомат қилувчи Наргиза Қодирова болаликдан ногирон. Ўзи юришга қийналса-да, қўлида ҳунари бўлган бу аёл уйда бекор ўтиришни истамай, ўзига маъқул иш қидираётган экан. Унинг мурожаатини эшитган Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси масъул ходимлари, туман бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари унга муносиб иш топиб берадиган бўлди.

Тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган Малика Раҳимова ўз бизнесини кенгайтириш мақсадида мулоқотга келган экан. Унинг дала-дўкон очишга оид таклифи туман раҳбарлари томонидан қўллаб-қууватланиб, амалий ёрдам бериладиган бўлди.

Муаллиф: Норгул Абдураимова, ЎзА

Мавзуга оид