19:18 / 30.03.2017
55851

Тошкентда 53 ёшли аёл туғилган кунида ўз ўғлини ўлдириб қўйди

26 март куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги хонадонлардан бирида маст аҳволда бўлган аёл туғилган кунида ўз ўғлини ўлдириб қўйган. Тошкент ИИББ томонидан ўтказилган брифингда маълум қилинишича, у қотилликни ошхона пичоғида содир этган.

Аёл уйида ёлғиз яшаган. Туғилган кун маросимига 35 ёшли ўғли ташриф буюрганди. Аёл бундан хурсанд бўлган, улар биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилишган.

Кўп вақт ўтмасдан ўртада низо чиққан. Онанинг таъкидлашича, ўғли уни бўғмоқчи бўлган. У ўзини ҳимоялаш учун ошхона пичоғи билан ўғлининг кўкрак қафасига тиғ урган. Ўғил олинган жароҳатлар туфайли жон берган.

Тошкент шаҳри катта прокурори Эркин Юсуповнинг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан Сергели тумани прокуратураси Жиноят Кодексининг 97-моддаси бўйича жиноий иш очган. Ушбу моддага кўра, қасддан амалга оширилган қотиллик учун 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланади.

Айни вақтда тергов ишлари давом этмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, аёл қотиллик вақтида қаттиқ маст бўлган ва нима иш қилганини эслай олмайди.

Top