Жамият | 03:12 / 02.04.2017
85255
15 дақиқада ўқилади

“Оғзаки”дан “5” олиш даври ўтди

Давр янгиланмоқда. Қарашлар ҳам, кузатиб, “ҳазм қилиб”, адоғига етиб бўлмаётган воқеликларнинг ўзи-ю, уларга бўлган муносабатлар ҳам, боринг, ана, талқинлар ҳам ўзгача: янги ва янги, хилма-хил, “аввалгиларга ўхшамас”... Бу ўзгаришлар аро гангиб қолиш ҳам ҳеч гапмас. Ҳаммамиз инсонмиз - нимадир кўнгилга ёқади, яна недир ботмаслиги мумкин. Бунинг учун ҳеч ким айбланмаса керак. Шундай бир андиша билан, бугунги жамиятда кечаётган воқеалар, тўғрироғи, уларнинг талқини ҳамда бу талқинларнинг матбуотда ёритилишига доир айрим шахсий кузатувларни баён қилишга жазм қилдим.

Тан олайлик – ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиланишлар шитоб билан бормоқда. Иқтисодий соҳани оласизми, ташқи сиёсатни ва ёхуд таълим-у маданият тармоқлариними – барчасидаги жадал бир силкинишлар энг бефарқ одамнинг ҳам - камида ҳайратига сабаб бўлмоқда... Эзгу умидларингни яқин келажак билан боғлашга асос бергулик ўзгаришлар кечмоқда.

Сарлавҳага чиқарилган даъвога муаллифнинг ўзи амал қилмади, деган айбловдан қочиб, ўзгаришлар маҳсули сифатида - фақатгина бир мисолни келтириб ўтмоқчиман. Халқнинг дардига қулоқ тутила бошланди. Муаммолар имкон даражасида, вазиятдан келиб чиқиб, ҳал қилинмоқда. Бу - катта гап. Чунки хоҳ у битта шахс доирасида бўлсин, хоҳ жамият миқёсида бўлсин – эртанги кунга бўлган ишончдан маҳрум бўлиш – энг ёмон фожиа.

Айни мулоҳазаларимиз бугунги жараёнларни қандай ёритаётганимиз ҳақида экан, чалғимасдан гапнинг пўсткалласини айтиш керак: ўз давлатидаги у ёки бу вазирнинг қилаётган иши тугул, афти-ангорини ҳам кўрмай, танимай, бутун бир авлод ўтиб кетади-ёв, деб турган жойимизда - ҳартугул, бугун ҳукумат аъзолари, вазирларимиз матбуот орқали баёнот бера бошлашди, воқеалар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашмоқда. Бу албатта яхши мужда - очиқ жамиятнинг белгиларидан бири.

Энди масаланинг иккинчи томонига ўтсак. Буям бўлса – воқеани талқин ва таҳлил қилаётганда, ўрни бўлса-бўлмаса, унинг ташаббускори бўлмиш одамга, очиқроғи – давлат раҳбарига очиқдан-очиқ урғу беравериш тўғримикан, деган мулоҳазадир. Яъни “муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббусларига кўра”, “у киши таъкидлаганларидек”, “ҳурматли раҳбаримиз кўрсатмалари бўйича” қабилидаги - бир қарашда ўринли, аммо дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрилса, замирида кимгадир ёқиш, хушомад элементлари бўлган жумлаларни керагидан ортиқ қўллай бошламадикми? Ахир улуғ шоиримиз Абдулла Орипов ёзганидек,

“Бисёр бўлса агар, бол ҳам беқадр,

Такрор айтилганда, рангсиздир калом” эмасми?..

Тўғри, телевидение экранларида ҳам, босма матбуотда ҳам, айниқса, интернет нашрларида кузатилаётган - муаммоларни ошкор ёритиш, ўзига хосликка интилиш, тезкорлик каби асл матбуотга дахлдор ўзгаришлар бисёр. Лекин ўзгинамизга хос бўлган, гўё салгина безак бериб, “кириш сўзи” қилиб гапирмасак, “сигиримиз ҳаром қотадиган”дек туюлган одатдан воз кечишимиз қийин кечмоқда. Ва шу – бир қараганда зарарсиз одат туфайли асосий кўзланган мақсадга, яъни қилинаётган ишлар энг аввало халқ манфаати йўлида эканлиги ҳақидаги гапларга соя тушиб қолаётгандек. Чунки одамлар анавинақанги жумлалардан, юмшоқроқ айтганда, безиб бўлганди-да.

Фикрлар қуруқ даъводан иборат бўлиб қолмаслиги учун яқинда ўтган воқеадан мисол келтираман. Шу ҳафтада Ўзбекистон Президентининг Навоий вилоятига амалга оширган ташрифи ҳамма матбуотда кенг ёритилди, тафсилотлар баён қилинди. Телевидениенинг бош информацион кўрсатуви орқали намойиш қилинган репортажларда вилоятдаги танишилган объектлар ва ишга тушажак лойиҳалар ҳақида гап бораётиб, мамлакатнинг енгил саноат бўйича раҳбари интервью берди. Шунда ишонасизми, бир дақиқанинг нари-берисидаги интервьюда “муҳтарам юртбошимизнинг ташаббусларига кўра”, “у кишининг кўрсатмаларига биноан” қабилидаги ҳамду санолар нақ беш марта янгради. Ахир уни кўраётган, илмий тилда айтганда, информация олаётган томошабинга биринчи галда - ахборотнинг ўзи, мафкуравий жиҳатдан олганда эса, ўша тадбир сабаб қандай ўзгариш амалга ошиши-ю, лойиҳа оддий одамларга қандай наф бериши ҳақидаги ғоя муҳим эмасми? Унақада бу каби “пахта қўйиш” нечун?

Бу – биргина мисолки, айниҳолатлар бугун жуда кўпайиб кетди. Ҳайҳотки, кредит бераётганидан нақл қилаётган банкир ҳам, ҳосили мўл бўлганини айтаётган деҳқон ҳам, таълимнинг янги усулидан фойдаланаётган муаллима ҳам матбуотдаги каломини ўша таомилга кирган “бисмилло”дан бошласа... Уяммас-буяммас, бу тахлит хушомадлар замирида, менинг наздимда иккита сабаб ётади:

         биринчиси, интервью бераётган одам “юқори”даги кимнингдир ёки кимларнингдир ғазабидан қўрқиб, имкон қадар вазиятни юмшатишга интилиши ёхуд вазиятдан айнан хушомад орқали чиқиб кетиши, бу билан эса кимларгадир ёқишга интилиши;

         иккинчиси, тилга олинаётган, амалга ошираётган ишлардаги асосий масъулиятни ўзидан соқит қилиб, бошқаларга юклаш. Яъни бу ўринда “асосий масъулият менда эмас, бу ишнинг ташаббускорида” деган бир даъво ҳам ўз-ўзидан қалқиб чиқмоқда. Алҳазар!..

Масъулиятни ўз зиммасига олмаслик, иложи бўлса ҳар бир масалани юқори ташкилотларнинг “добро”си билан ҳал қилиш, ташаббускорликнинг етишмаслиги қандай оқибатларга олиб келиши борасида яқин ўтмишимизда мисоллар қалашиб ётибди. Бу нарса эса – тараққиётни шундоққина бўғиб қўйишини яна бир бор таъкидлаш – ортиқча бўлса керак.

Президент Ш.Мирзиёевнинг ўзи ҳам мана бу гаплари билан худди шу ҳақиқатни эътироф этган эди: “Энг муҳим вазифамиз – одамларни, халқимизни ҳаётдан рози қилишдан иборат. Бунинг учун эл-юртимиз аввало биз – раҳбарларнинг фаолиятидан рози бўлиши керак. Бунинг учун ҳар бир раҳбар ўз аравасини ўзи тортиши, ўз соҳасидаги ишларнинг аҳволи учун ўзи шахсан жавоб бериши керак. Шундан кейин жамиятимизда ўзгариш бўлади, ривожланиш бўлади”.

Шу ўринда кечаги ўтган кунларимизда кузатилган, энди энг янги тарихга айланиб қолган бир-иккита воқеаларни, мавзуга бевосита алоқадор бўлгани боис, эсга олгим келди. Каминага бир вақтлар биринчи Президентимиз Ислом Каримов фаолиятини бевосита кузатиб, етти-саккиз йил у киши иштирок этган мажлисларда, яқин ва олис сафарларда - матбуот вакили сифатида қатнашиб, ўша воқеаларнинг жонли гувоҳи бўлиш, кейин у тафсилотларни телевидение орқали ёритиш бахти насиб этган.

Ўшанда ўзим гувоҳи бўлган битта ҳақиқат шундан иборатки, тўғридан-тўғри қилинган мақтовни, орқа-ўнгига қарамасдан, лаганбардорларча айтилган лутфларни у киши очиқ-ойдин ёқтирмасди. Аммо атрофдагилар, раҳбарлик лавозимида ўтириб, курсисидан айрилмоқни ўлим билан баравар фожиа ҳисоблаган шахслар “йўлини қилиб”, “қоғозга ўраб” бўлса-да, ўшандоқ ҳамду-саноларни йўллашнинг ҳадисини олишганди.

Шундай йиғилишларнинг бирида, ўша пайтлардаги “арбоб”лардан бири ўзи масъул бўлган соҳага қарата отилган тошлардан эсанкираб қолдими ёхуд ҳар не деб бўлса-да, вазиятни ўнгламоқ қасдидами, ҳартугул давлат етакчисига қарата бақрайиб, “Бизга қийин, Ислом Абдуғаниевич”, - деса бўладими. Табиийки, бу даъводан кейин, уни далиллаш лозим. Шундан кейин берилган изоҳ эса ҳаммасидан ошиб тушди. “Чунки, - деди “арбоб”, - бу дунёда Ислом Каримов деган феномен бор. Бу феномен қаршисида биз – оддий чувалчангдек гап, “пешка”миз. Шунинг учун бизга ўта қийин”.

Шу гапдан кейин анча сукут бўлгани эсимда. Хушомадни нишонга уришнинг энг оригинал, антиқа усулларидан бири эмасми бу?..

Яна бир воқеа. Буниси вилоятлардан бирида, тўғрироғи, халқ депутатлари вилоят кенгашининг ташкилий сессиясида, ўша вилоят ҳокими алмашаётган пайтда содир бўлган. Ўшанда ишини дуппа-дуруст олиб бораётган Республика даражасидаги бир вазир – вазият тақозосига кўра ўзи туғилиб ўсган вилоятга биринчи раҳбар сифатида юборилган эди. Кечагидек эсимда: номзод овозга қўйилиб, одатдагидек бир овоздан маъқуллангач, Президент ўзи билан етаклашиб келган ҳукумат мулозимларига қарата, “Фалончи вазирликни жуда зўр уддалаётган эди. Бунақа мутахассис вазирсиз энди қийналиб қолмайсизларми, энди ким вазир бўлади?” дея ҳазил аралаш савол берди. Шунда масъул соҳа раҳбарларидан бири ўрнидан “дик” этиб туриб, ҳеч бир каловланмай ва иккиланмай, “Бизнинг бахтимизга Сиз борсиз, шу сабаб биз ҳеч нарсадан қийналишга ҳаққимиз йўқ” деди киприк ҳам қоқмасдан. Ўшанда Ислом Каримов залда йиғилганларга қарата, “Кўряпсизларми, буларни ҳаммаси мана шунақа “дипломат” бўлиб кетган, сизлар ҳам мақтовларни ўрганинглар" деганди истеҳзо билан...

Бу тарихларни кавлаштириб нима демоқчиман? Бир вақтлар бутун омма, айниқса, биз – матбуот вакиллари биринчи Президентимиз ишларидан фахрландик, уларни тарғиб-у ташвиқ қилишга, дунёга достон айлашга зўр бир ғайрат билан киришиб кетдик. Кейинчалик, йиллар оша ҳамду-сано бобида “кимўзар” бошланганда эса, боз яна ҳеч ким бу мусобақада ортда қолишни истамади. Ҳатто “Муҳтарам юртбошимиз” деган сифатдан қониқмай, унинг устига “раҳнамолик” деган сифатдошни киритдик. Натижа шундоқ бўлдиким, ишлаб чиқариш заводидан тайёрланган репортаж устига ҳам, уюштирилиши урфга кирган бир хил қолипдаги турфа давра суҳбатлари ҳақидаги лавҳага ҳам, ҳатто баҳор, она алласи тўғрисида бўладиган “эзиб ички” лирик манзаралар устида ҳам “раҳнамоликларида бу соҳада эришилган ютуқлар мўл, ҳозир шулардан бири ҳақида ҳикоя қиламиз” деган чучмал бир “платформа”ни - ўрни бўлса-бўлмаса, ётқизадиган бўлдик. Гўёки шу билан ўзимизни “страховка” қиламиз, гўёки шу билан обрў орттирамиз...

Эндиям шу “ҳунар”ни бошламоқчимизми? Балки тарихни такрорлаш шарт эмасдир. Ёки “муҳтарам...”бозликка берилган мутасаддилар ўша каломни, ўша хушомадни айтсам, кимгадир ёқаман, деб ўйлашармикин? Менимча, йўқ. Бу гапни иккиланмасдан ёзаётганим сабаби шуки, бугунги Президентни унақа одам деб ўйламайман. Гувоҳи ҳам бўлганман.

У инсон мен туғилиб ўсган, ҳозир ҳам ота-онам яшаётган Каттақўрғон шаҳри мансуб бўлган Самарқанд вилоятида раҳбар бўлган даври эсимда. Ўшанда бошқа раҳбарлар тунлари ширин ором олаётган бир паллада, ярим кечаси, ҳеч кимга билдирмасдан Каттақўрғон вокзалига бориб, ундан туширилган кўмир - одамларнинг корига яраш, корхоналарда ишлатиш учун юборилмоқдами ва ёки кабобпаз-у сомсапазларнинг тандирига тушмоқдами – шуни кузатиб, кейинчалик унга бошқача ахборот бериб қолгудек бўлишса, ўзи шахсан гувоҳ бўлган воқеа бутунлай бошқача талқин этилса, гап билан “мўлжалга адашмай урганини” бугун ҳам одамлар эслаб, гапириб юришади. Бўлмаса, бутун бошли вилоят раҳбарининг бундан бошқа ташвиши йўқмиди?

“Ўзбекфильм”да ишлаб юрган давримда, Ш.Мирзиёевнинг у пайтда бош вазир сифатида киностудияга ташриф буюргани ҳам - фикримни тасдиқлаши мумкин. Ўшанда 90 йиллик тарихга эга бу идоранинг ғоят ачинарли аҳволга келиб қолгани, 40-50 йилдан бери таъмирини кутиб ётган цех ва бўлинмаларнинг афтода ва ғариб кўриниши билан танишгач, ён-атрофдаги бошқаларнинг изоҳисиз ҳам вазиятни очиқ-ойдин баҳолай олганди у одам. Бу – ўзим гувоҳи бўлган ҳолатлар, бунақа мисолларни балки минглаб келтириш мумкин.

Энди айтингчи, ўн йиллар давомида муаммонинг ичида юрган, ҳамма ҳудуд ва соҳани ич-ичидан билган, ҳис қилган, бугунги даражасида ҳам - чолдевор уйларга-ю, сумалакпаз онахонларнинг камтарона даврасига, оддий оилаларнинг фақат нон-чой қўйилган фақиргина дастурхони устига кириб боришни ўзига ор билмаган одам – сиз-у бизнинг арзон хушомадимизга зорми?..

Президент ўзи ўтказадиган йиғилишларда худди шундоқ – гап деганига “тўн кийгизиб” юборадиган “оғзи полвонлар”га қарата “Сизларга “оғзаки”дан - “5”, амалий иш, деса, нўноқсиз” деганига кўпчилик, жумладан, ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Демак, амалий ишга ўтиш даври аллақачон келган экан-да...

Шу гапларга нуқта қўйиб турган бир пайтда “Kun.uz” сайтида эълон қилинган бир мақолага кўзим тушди. Унда Президентнинг 30 март куни ўтказган видеоселектор мажлисида айтган “Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак” деган гаплари диққатимни тортди. Буям – мақола бошидан бери айтиб келаётган гапларимизга исбот бўлади.

Бир жиҳатни тушуниш керакки, ҳар қандай хушомад, “аравани қуруқ олиб қочиш” замирида – таъма, тубан бир илинж ва манфаат ётади. Бу нарсалар бўлган жойда эса, тараққиётнинг бир ўзаги кесилди, деб ҳисоблайверинг...

Ўзимга келадиган бўлсак, яъни “Сенинг ўзинг мадҳиябозлик қусурларидан холимисан?” дея туғиладиган саволларга жавобан, шуни айтмоқчиманки, камина бундан 14 йил олдин тайёрлаган – ҳудудлардаги ғоят аччиқ ҳақиқатлар тўғрисида ҳикоя қилинган “Яқин-йироқлар” телевизион лойиҳасида ҳам, йиллар давомида бошловчилик қилган “Аср қиёфаси”, “Таҳлилнома” дастурларида ҳам, босма матбуотда чоп этилган мақолаларда ҳам ҳеч вақт – очиқ-ошкор ҳамду-сано ўқимаганман. Бу борада ҳартугул виждон тоза.

Энди ўйлаб қарасам, балки хато қилгандирман, ўшанда замонасоз бўлармидик...

Комилжон ШАМСИДДИНОВ,
журналист

Мавзуга оид