Ўзбекистон | 19:14 / 03.04.2017
27327
3 дақиқада ўқилади

Хусусий тиббиёт муассасалари барча турдаги солиқлардан 5 йилга озод этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. 

Ҳужжат соғлиқни сақлаш хусусий сектори тараққиётига ҳар томонлама кўмаклашишни кучайтириш, хусусий тиббиёт ташкилотларининг аҳолига юқори технологияли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, хусусий тиббиёт соҳасига хорижий инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга қаратилган.

Қарор билан аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январигача қуйидаги тўловлардан озод этилди:

барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан, бунда бўшаган маблағлар хусусий тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлаш, уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлари, материаллар, инвентар ва бошқа буюмлар харид қилиш, тиббий хизматлар кўрсатиш учун янги бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирилади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ва материаллари учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундай мустасно).

Қишлоқ жойларда эса тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилди.

Тижорат банкларига хусусий тиббиёт ташкилотларига замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарини, жумладан, хориждан сотиб олиш, бошланғич капитални шакллантириш, тиббий хизматлар кўрсатиш мақсадида бино ва иншоотлар харид қилиш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар;

аҳолига замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, банк кредит карталари билан ҳисоб-китоб қилиш асосида хусусий тиббиёт муассасаларининг тиббий хизматларидан фойдаланиш учун истеъмол кредитлари тақдим этиш тавсия этилди.

Мавзуга оид