00:41 / 04.04.2017
28382

Ўзбекистон–Россия: 4 млрд. долларлик битим имзоланиши кутилмоқда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифига тайёргарлик кўриш ишлари доирасида Москвага бош вазирнинг биринчи ўринбосари, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ раиси Очилбой Раматов бошчилигидаги делегация етиб келган, деб хабар беради Sputnik.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ раиси Очилбой Раматов бошчилигидаги расмий делегация қатнашчилари савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида суммаси 4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ иккитомонлама идоралараро ҳужжатлар имзолаш тантанали маросимининг алоҳида қисмида иштирок этади, дея хабар берган Ўзбекистоннинг РФдаги элчихонаси матбуот хизмати.

Ҳужжатларнинг асосий қисми Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 4–5 апрель кунларига мўлжалланган давлат ташрифи мобайнида имзоланади.

Бундан ташқари, Урал кон-мателлургия комбинати ҳолдинги билан Ўзбекистондаги Тебинбулоқ конидаги таркибида ваннадий мавжуд бўлган титанмагнетит рудаларини ўзлаштириш, пўлат қуйишни ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш борасида 1,5 миллиард долларлик меморандум ҳам имзоланади. Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Газпромбанк" АЖ ва Россия Федерациясининг экспорт-кредит агентлиги ўртасида Ўзбекистонда инвестицион лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш учун 500 млн. АҚШ доллари суммасига тенг доиравий битим тузилади.

Шунингдек, "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ ва "РИВС" илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ЁАЖ ўртасида 500 миллион долларга мутлақо янгидан барпо этилувчи мис бойитиш комплекси қурилиши борасида ҳамкорлик ҳақидаги битим, "Асакабанк" ва "Газпромбанк" АЖ ўртасида Тошкентда 88 миллион долларга металлургия заводи қурилиши лойиҳасини молиялаштириш ҳақида доиравий битим, "Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи" АЖ майдонларида қишлоқ хўжалиги техникаларни биргаликда ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш ҳақидаги битим ва бошқа бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, "Ўзагроэкспорт" АЖ ва "Ўзагроэкспорт" савдо уйи МЧЖ ўртасида Россияга 612 миллион долларлик янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш ҳақида шартнома, "Ўзбекнефтгаз" МҲК ва Россия Федерацияси энергетика вазирлиги ўртасида 225 миллион долларлик Россия нефтини Ўзбекистонга етказиб бериш борасида меморандум, "Олмалиқ КМК" АЖ ва "ИЗКАРТЭКС" МЧЖ Ижорск эксковатор заводи ўртасида 100 миллион долларлик эксковатор техникаларини етказиб бериш бўйича ҳамкорлик битимлари ҳам имзоланади.

Имзолаш маросими қатнашчилари савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида иккитомонлама манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлларини муҳокама қилиб, жумладан, икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари, истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида фикр алмашишади.

Top