14:58 / 07.04.2017
12079

Тошкентда илк бор Халқаро Пресс-клуб таъсис этилди

Фото: Kun.uz

Бугун, 7 апрель куни Ўзбекистонда биринчи марта Халқаро Пресс-клуб (ХПК) нодавлат нотижорат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтди. Шу муносабат билан Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ушбу ташкилотга Гувоҳнома топшириш расмий маросими ўтказилди. Гувоҳнома Халқаро Пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаевга топширилди. 

Халқаро Пресс-клуб ижтимоий мулоқотни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, ислоҳотлар кўламини тезкор ва сифатли ёритишдаги интерактив майдонга айланиши кутилмоқда. 

Тадбирда парламент аъзолари, йирик олимлар, давлат ва нодавлат идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Расмий маросимдан аввал ХПК Жамоатчилик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Пресс-клуб жамоатчилик кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолари, ташкилотнинг расмий символикасини тасдиқлаш каби бир қатор масалалар кўриб чиқилди. 

Халқаро Пресс-клуб ахборот маконини ривожлантириш, мамлакат иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар ҳақидаги объектив ахборотни кенг халқаро жамоатчиликка етказишни мақсад қилган. Бу ерда давлат ҳокимияти органлари вакиллари нафақат бажарилаётган ишлар бўйича ҳисобот бериши, балки жамоатчилик ва журналистлар таклифлари ҳамда саволларига юзма-юз жавоб беришлари кутилмоқда. Шу тариқа Халқаро Пресс-клуб давлат ҳокимиятининг шаффофлиги, ўзаро чекловлар ва мувозанат тизими ҳамда мамлакатда бўлаётган ислоҳотлар устидан ижтимоий назоратни мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Top