22:35 / 10.04.2017
9102

Тошкент вилоятининг учта шаҳри аҳолиси уч кунга газ таъминотисиз қолиб кетди

Чирчиқ, Қибрай ва Ғазалкентнинг бир қисм аҳолиси магистрал газ қувуридаги жиддий авария туфайли уч кунга газсиз қолиб кетди.

8 апрелда Қибрай яқинидаги магистрал газ қувурида авария юз берган. Шу сабабли Тошкент вилоятининг учта шаҳри газ таъминотисиз қолди. Бу ҳақдаги маълумотни "Ўзтрансгаз" АКдаги манба тасдиқлаган.

"Бугун учинчи кун газсиз ўтирибмиз. Кеча нон топиш муаммо бўлиб қолди, чунки нонвойхоналар газда ишлайди, газ эса йўқ", деб айтди Чирчиқ аҳолиси.

"Тошкентгаз таъминоти" УКда маълум қилинишича, мутахассислар аварияни бартараф этиб, шикастланган қисмни тиклашган. Газ Қибрай ва Ғазалкентга тўлиқ етиб борган, Чирчиқда эса газ кўп қаватли биноларга берилмоқда.

"Кеча Чирчиқнинг 60 фоизи газ билан таъминланганди. Бугун мутахассислар кўп қаватли уйларда газни бериш билан шуғулланмоқдалар. Бундай уйлардан шаҳарда 900 тага яқин бор. Чирчиқда газ таъминотининг тўлиқ тикланиши эртанги кунга кутилмоқда", деб айтди "Тошкентгаз таъминоти"нинг эксплуатация бўлими бошлиғи Алишер Мирсаликов.

Унинг айтишича, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш учун кўп қаватли биноларга газ бериш бутун тизимнинг синчков текширилишини талаб қилади, шу сабабли бу жараён бир неча кун олиши мумкин. Авариянинг сабаблари маълум қилинмаган.

Top