Жамият | 11:23 / 17.04.2017
45374
4 дақиқада ўқилади

Бугунги кун қаҳрамонларини Хўжаободнинг “SAMO” фабрикасида топдим

Халқимиз алқаб киядиган “SAMO” трикотаж фабрикаси маҳсулотлари юртимизда жуда машҳур. Ўзим андижонлик бўлганим учун корхонага бориб, ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш ниятида эдим. Вилоятнинг яна бир тумани Пахтаободда бўлганимизда корхона томонидан Уйғур қишлоғида бунёд этилаётган янги 100 нафар аҳолини иш билан таъминловчи фабрикада бўлдик. Юртимизда тадбиркорликка берилаётган эътибор ва эътирофнинг яна бир ижросини кўргач, “SAMO” ишлаб чиқариш фабрикасига бориб, иш жараёни ҳақида мақола ёзишни ният қилдим.

Андижон вилояти Хўжаобод туманида жойлашган “NIL-GRANIT” жамияти қошидаги “Само” фабрикаси раҳбарларидан бир Акромжон Ғаниев мени очиқ юз билан кутиб олди. Халқимизда “Излаган имкон топади” деган ҳикмат бор. Масканда амалга ошган ишлар айнан мана мақолга мос. Юртимизнинг чекка туманида ҳукуматимиз томонидан ишлаб чиқариш, тадбиркорликка берилаётган имкониятларнинг самарасини яққол намоён этган корхона бунёд бўлибди.

“1996 йили Эркинжон акамнинг ташаббуси билан иш бошлаган эдик. Қарангки, яхши ниятлар билан 5 дона тикув машинасини ижарага олиб йўлга қўйган тадбиркорлигимиз, йиллар давомида изланиш ва меҳнатларимиз сабаб ўз мевасини бермоқда. Янги иш бошлаган пайт биринчи навбатда аҳолини сифатли трикотаж маҳсулотлари билан таъминлашни мақсад қилган эдик. Товарларимиз билан бозордаги рақобатни енгиш осон бўлмаган. Аввалига, сифати юқори ва шунга нисбатан нархи бироз қимматроқ бўлган маҳсулотларимизнинг савдоси юришмай ҳам турган. Сўнг маҳсулотларимиздан фойдаланиб кўришгач, сифатга бўлган эътибор ўз натижасини берди” ,-дейди Акромжон Ғаниев.

Айтмоққа осон... Ҳозир корхонада 400 нафар туман аҳолиси иш билан таъминланган. Ишлаб чиқаришда ишчилар учун яратилган шароитлар ҳавас қилгудек даражада. Корхонада 400 хил турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. “SAMO” бренди остида йилнинг тўрт фасли учун чиқариладиган кийимларга нафақат юртимизда, балки қўшни давлатларда ҳам харидор кўп. Экспорт салоҳияти ўтган йили 2 млн. 600 минг долларни ташкил этгани корхона таъсисчилари тинимсиз изланишда. Яқинда вилоят ҳокими Шуҳратбек Адураҳмонов бошчилигида делегация билан Россиянинг Красноярск ўлкасидаги сафар давомида корхона маҳсулотлари билан танишган ўша юрт тадбиркорлари “SAMO” вакилига 8 млн. долларлик шартнома таклиф қилишди. Мана сизга товарнинг - СИФАТ даражаси.

Масканда яратилган шароитларга алоҳида тўхталиб ўтишим лозим. Тўқув ва тикув цехларида фаолият юритувчи ишчиларга 5 та автобус хизмат қилади. Ишчилар учун корхона ҳисобидан бериладиган тушлик учун 300 кишига мўлжалланган ошхона, дам олиш ва ювиниш хоналари... Ходимлар кредит ва корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан олинган Япониянинг замонавий “Жуки” тикув дастгоҳларида ишлайдилар.

“SAMO”нинг кўргазма залидаги кийимларни кўриб ҳавас қиласиз. Эркаклар, аёллар ва болалар учун ишлаб чиқарилган либослар сифати ҳеч қандай машҳур чет эл брендларии маҳсулотидан фарқ қилмайди.

Тадбиркор кишилар вақтни қадрига етадиган бўлади. Тўғриси, корхона раҳбарларини саволлар бериб, иш жараёнидан мосуво қилганимга ўзим хижолат чекдим. Лекин, мени мақола тайёрлашимнинг ҳам ўз мақсади бор. Хулосам шуки, шу куннинг тадбиркори ниманидир баҳона қилиб: “Мана бу нарса амалга ошмаяпти, ҳаракатимиз зое кетди” деб ўтиргандан кўра, ўз устида ишлаши, меҳнат қилиши керак экан.

“Юртимизда биз тадбиркорлар учун берилаётган эътибор таҳсинга лойиқ, биз бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланишимиз керак”,-дейди Акромжон Ғаниев.

Биз эса, юрт аҳолиси фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётган мана шундай тадбиркорлар сафи янада кенгайишини истаб қоламиз.

Элмурод Эрматов,

Андижондан Kun.uz сайти учун тайёрланди

Мавзуга оид