19:31 / 19.04.2017
70804

Мажлисбозлик - тараққиёт “аллергия”си

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган мажлисларда давлат раҳбари мажлисбозликларга эмас, аксинча, амалий ишларга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлиги, бу давр талаби эканлиги ва пировард мақсад ҳам шуни белгилаши ҳақида жуда кўп гапирган. Кун.uz почтасига келаётган мактублардан бирида ҳам айрим туманлардаги ҳокимликлар ва бошқа мутасадди ташкилотларда мажлисбозликлар ҳамон авжида эканлиги, бу одамларга салбий таъсир кўрсатаётгани, белгиланган ишлар қолиб кетиб, ёлғон гапиришлар, алдашлар юзага чиқаётгани тилга олинади. Жумладан, мактубда шундай дейилади: 

“Андижон вилоятидаги туманлардан бирида директор бўлиб ишлайман. Кеча тонгги олтида машинамга ўтириб, туман ҳокимлигида ўтадиган мажлисга қатнашиш учун чоғландим, худди мени кимдир мажбур қилгандек. Аслида бу вазият мен учун мажбурий ва ихтиёрий ҳолат бўлиб қолган. Борсанг бир кун вақт йўқотасан, бормасанг ишингни. 

Хуллас, саҳарлаб мажлисга йўл олдим, йўл-йўлакай қўшни мактаб директорларидан 4 нафарини машинамга ўтказдим. Соат 07:00да туман ҳокими йиғилишни очиб, бугунги кун бажариладиган вазифа, топшириқларни ва ўтган кун топшириқларининг бажарилиши бўйича нақ 2 соат гапирди. Топшириқларни олдик ва эътиборлиси йўл четларига гул ва дарахтлар ўтқазиш бўйича алоҳида буйруқ бўлди. 

Туман ҳокими йиғилишидан чиқиб, соат 09:00да Халқ таълими муовини мажлисига кирдик. У ерда ҳам ҳоким айтган гаплар ва топшириқлар такрорланди. Соат 12дан ўтганда силламиз қуриб, танг ҳолатда мажлисдан чиқдик-да, тушлик қилиш учун тўғри келган кафега кирдик. Қорин тўйиб, ўзимизга келдик, лекин икки мажлисда кўрилган масалалар, берилган топшириқлар алғов-далғов ҳолда ёддан чиқди. Сабаби соат 13:00да туман ҳокимияти биносида “Қурилиш қўмитаси” бўлими бошлиғи бизни мажлис ўтказиш мақсадида интизорлик билан кутарди. Соат 13:00да йиғилиш бошланди. Яна ўша вазифа ва топшириқлар 2 соат қайта тушунтирилди. Соат 16:00, энди ҳоким бува ҳузурига. Бугунги кун тафсилотлари бўйича РАПОРТ бериш керак. Жуда ҳаяжонли ва шарафли мажлис. Гердайиб ўтирамиз, чунки топшириқлар сўралганда “Буздик”, “Қурдик”, “Экдик”, “Етказдик”, “Тургаздик” ва “Айтганингиздек бажардик”, деб мақтанамиз. 

Шу ўйлар хаёлимдан ўтар экан, ёнимдаги (менинг ҳамроҳим) мактаб директоридан “Дарахтлар экилиши нима бўлди?” – деб сўраб қолди. Ҳамроҳи ҳам шарт ўрнидан турди-да, иккиланмай “6 дона кўчат ўтқазилди, қолган 4 донасини эртага эрталаб ўтқазамиз” – деб жавоб қайтарди. Берилган жавобдан эсанкираб қолдим - қандай қилиб?! “Ўртоқ, ахир эрталабдан бери бирга бўлсак, қандай қилиб 6 дона дарахт ўтқаздиз?”,  деб сўрадим мажлисдан чиққач. “Эээ, ака ҳозир нима ҳам дея оламан, саҳардан бери мажлисдаман, десам ишдан ҳайдашади-ку. Бошлиқлар мажлисдан бўшашмаса, ким ҳам ортимдан текширади, бу ёғи бир гап бўлар...”. 

Ҳокимият биносидаги ҳар кунги мажлислардан бири соат 20:00да барҳам топди. Яна шерикларим билан машинамда ортга қайтдик. Ҳамма жим, чарчаган. Мен эса бугунги кун тафсилотлари: “Ким нима деди, қачонга айтди, нимага, қаерга?..”,  - барча айтилган, берилган вазифалар ва топшириқларни бирма-бир саралашни бошлайман. Менинг ва ҳамроҳларим зиммасига юклатилган мактаб ўқувчиларига бериладиган бугунги билим энди нима бўлди?”.

Қизиқ ҳолатлар шундай эмасми? Бунга на кулишни ва на йиғлашни биласан киши. Бюрократия ҳақиқатда ҳам жамиятни захарловчи даҳшатли кучдир. У таг-томири билан суғуриб ташланмас экан, худди ажриқ бутун ерни расво қилгандек, у ҳам илдиз отишдан тўхтамайди, жамиятни заҳарлашда давом этаверади.

 

Top