21:35 / 23.04.2017
9868

SpaceX ва Tesla ходимлари Илон Маск ва у билан ишлаш ҳақида

Илон Маск — SpaceX, PayPal, Zip2 лойиҳалари сармоячиси ва асосчиси ҳамда Tesla Inc директорлар кенгаши раиси. Унинг компаниялари ходимлари ҳақида vc.ru'да маълумот берилди

Суҳбат қандай ўтади?

Эшли Вэнс "Илон Маск. Tesla, SpaceX ва келажакка йўл" китобида Маскнинг илк минг нафар ходими билан, жумладан фаррошлар ва лаборантларгача шахсан суҳбат ўтказгани ҳақида ёзади. Бугунги кунда компания ўсди - энди Илон фақат муҳандисларнигина шахсан суҳбатлашиб ишга олади. Суҳбатга ўтганлар нима учун SpaceX'да ишлашни исташлари ҳақида эссе ёзишади, Маск билан учрашишдан олдин эса эслатма олишади:

“Дастлаб Илон, ҳойнаҳой, кўп гапирмайди, яъни почтага жавоб беришда давом этиб ёки бирор иш устида суҳбатлашади. Ваҳима қилманг, бу нормал ҳолат. Кейин у сиз томон ўгирилади. У кўзингизга қараши ёки умуман сизга эътибор қаратиши аниқ эмас. Ҳайрон бўлманг. Бу нормал ҳолат. Керак пайтда у мулоқотга киришади”.

Суҳбат 30 сониядан 15 дақиқагача бўлиши мумкин. Унда Маск саволлар беради, муҳандислик вазифалари ва бошқотирмаларни бажаришни сўрайди. Вэнснинг ёзишича, Маскнинг севимли топишмоғи бор: “Сиз Ер устидасиз. Жанубга бир миль, ғарбга бир миль ва шимолга бир миллик масофани босиб ўтдингиз. Сиз яна йўл бошлаган жойингизда пайдо бўлдингиз. Сиз қаердасиз?”

Маск суҳбатдошининг жавобидан кўра унга бўлган ёндашувни  кўпроқ қадрлайди. 

Маскнинг сўзларига кўра, интервью вақтида у “номзод дуч келган энг катта қийинчиликлар, уларни қандай енгиб ўтгани ва қандай қарорлар қабул қилгани ҳақида сўзлаш”ни сўрайди. У шундай дейди:

“Инсоннинг бу ишга тўғри келиш ё келмаслигини ҳис қилиш учун одатда шунинг ўзи етарли. Муаммо билан курашган инсон тафсилотларни унутиши жуда қийин. Тафсилотлар ҳақида сўраш мумкин – ҳақиқатда барчасини ўзи енгиб ўтган инсонгина тафсилотларни яхши билади, шунчаки таассурот қолдиришни истаганлар эса, аксинча”.

SpaceX ўз ходимларини энг яхши университетлардан излашига қарамай, суҳбат давомида Маск номзоднинг таълим даражасини устувор ўринга қўймайди. 

“Мен эътибор берадиган жиҳатлар – инсоннинг қандай хусусиятларга эгалиги ва уларни ҳаётда қўллай билиши”.


Иш тартиби

Tesla ва SpaceX ходимлари Маскнинг юқори даражали талабларини уддалашлари керак. 

Кундалик, соатлик ва дақиқалик режалар 

Вэнснинг китобда ёзишича, Маск ҳамма нарса дақиқалар бўйича тақсимланган режаларни талаб қилади. Шу туфайли компанияларда “иккиламчи” менежмент яратилади. Маскка бир режа кўрсатилади, иккинчиси бўйича ишлашади.

“SpaceX топ-менежерлари Маскни қониқтирувчи, лекин уларга мувофиқ ишлашнинг иложи бўлмаган “сохта” графиклар тузиш учун бор маҳоратларини ишга солишади”.

Вэнснинг китобида SpaceX муҳандиси Кевин Броган муддатларнинг нореаллиги ҳақида сўзлайди:

“Илон оптимизмга тўла, бу яхши, албатта. Бироқ бирор нима қилишга тўғри келса, у ғирт ёлғончига айланади. Маск энг агрессив графикни тузади, хато қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, кейин эса ходимлар бундан-да яхши ишлаши мумкин деб ҳисоблаб, тезлаштиришни талаб қилади”. Броганнинг айтишича, Маск муддат учун жавобгарликни ходимлар зиммасига юклайди. 

“Оддий менежер ходимлар учун муддат белгилайдиган бир вақтда Маск ўзи эълон қилган режалар бўйича жавобгарликни муҳандисларга юклашга ҳаракат қилади. У “Сиз бу ишни жума куни соат 14:00 гача бажаришингиз керак” демайди. У “Жума куни соат 14:00 гача иложсиз ишни бажариш керак. Уддалай оласизми?”. Шундан кейин агар сиз “ҳа” десангиз, буйруқ бўйича эмас, ўзингизнинг “ҳа” жавобингизни оқлаш учун тер тўкасиз”. 

Кунига 12 соатдан ишлаш

Маск ҳафтасига 80-90 соат ишлайди. У ўзини тўлиқ ишга бағишлайди ва ходимлардан ҳам худди шуни кутади. 

Ходимлар ўз иш жойи ҳақида фикр ёзиб қолдирадиган indeed.com сайтида SpaceX’да ишловчи ходим шундай ёзади:

SpaceX’даги оддий кун – 12 соатлик иш куни. Сиз режадан ташқари – ҳафтасига 60-70 соатлаб ишлашингизга тўғри келади.

Дам олиш кунларидаги ишлар

Маск шанба ва якшанба кунлари ҳам ишлайди ва ходимлар ҳамда ҳамкорлардан ҳам шуни талаб қилади. Вэнс директорлар кенгаши аъзоси Стив Жарветсоннинг сўзларини келтиради:

“Маск ўз иш жойини шундай танлаганки, у ердан барча ходимлар кўриниб туради. У бу ерда деярли ҳар шанба ва якшанба кунлари бўлади ҳамда ходимлар уни кўриб, истаган пайтда уни топишлари мумкинлигини билишларини истайди. Бундан ташқари, у дам олиш кунлари етказиб берувчиларга қўнғироқ қилиши мумкин, токи улар Маскнинг доимо ишда экани ва лойиҳа устида тер тўкаётганини билишсин, ўз ходимларидан ҳам худди шундай фидойиликни талаб қилади”.

Маск унинг ходимлари қандай буюк ишга қўл ураётганини англаши ва шу ишга буткул ўзини бағишлашини хоҳлайди. Tesla ходими ҳар бир фарзанди деб йиғилишни қолдирганида Маск унга қуйидаги мазмундаги электрон мактубни йўллаган:

“Менинг ишончим оқланмади. Сиз ҳаётдаги устувор вазифаларни қайта кўриб чиқишингиз зарур. Биз дунё ва тарихни ўзгартирмоқдамиз, сиз ё биз билансиз, ёки йўқ”.

Ходимнинг исми китобда ошкор этилмаган, Маскнинг ўзи эса бундай хат ёзганини инкор қилган. Китоб нашрдан чиққач, унинг Twitter’ида бу ўйлаб топилган ҳикоя экани ва у нафсониятига теккани ҳақида ёзади.

“Иложсиз”дек туюлган ишларга тайёр туриш

Маск физика қонунларига тўғри келмайдиган ишларни бажариб бўлмаслигини тан олади. Эшли Вэнс Tesla’нинг бош техник мутахассисларидан бири Али Явидананинг сўзларини келтиради:

Tesla компаниясининг техник қоидалари худди SpaceX’даги каби. Ё Маскнинг айтганини бажарасиз, ёки нима учун бунинг иложи йўқлигини тушунтириш учун термодинамикага “шўнғийсиз”. “У доим шундай дейди: “Бунга физик нуқтаи назардан қараймиз”.

Явиданнинг сўзларига кўра, Маскка муаммонинг ўзи ҳақида гапириш етарли бўлмайди, унга бундан кейин нима қилишингиз ҳақида батафсил ҳисобот беришингиз керак бўлади. 

“Илонга ниманингдир иложи йўқлигини айтиб бўмайди, шундай бўлган тақдирда дарҳол компаниядан кетасиз”.

Буларнинг бари нима учун?

Маск одамларга қандай илҳом бахш этиши ҳақидаги саволга шундай жавоб беради:

Мен қилаётган ишимдан роҳат олиш учун ўз иш жойимни қулай қилишга ҳаракат қиламан. Мен SpaceX’га тўхталмоқчиман: биз нимага эришмоқчимиз, қаерга қараб кетяпмиз, нималар қиляпмиз. Биз одамларни орбита ва ундан юқорига олиб чиқишни истаймиз. Охир-оқибат, биз Ердан ташқарида ҳаётни йўлга қўйишга ҳисса қўшувчи компания бўлмоқчимиз.  

SpaceX ходимлари indeed.com сайтида шундай ёзади:

SpaceX —иш эмас, ҳаёт тарзи. Бу фахрланишга арзийдиган сабаб бўлиш билан бирга катта стресс ҳамдир.

Ходимлар шунингдек у ерда “ажойиб таом” ва “ноёб, илҳомлантирувчи одамлар” мавжудлигини таъкидлашади. 

Glassdoor сайти маълумотларига кўра, SpaceX муҳандисларига йилига 77 350 доллардан 123 055 долларгача маош тўланади. 

Ходимлар Маск ҳақида қандай фикрда?

Кевин Уотсон NASA’даги 24 йиллик фаолиятидан кейин 2008 йилда SpaceX’га қўшилган. Қуйида унинг Маск ҳақидаги фикрлари ҳавола қилинади:

“Илон ажойиб даҳо. У деярли ҳамма нарсада иштирок этади ва деярли ҳамма нарсани тушунади. У савол берганда тез жавоб бермасликни ўрганасиз. Маскка физиканинг фундаментал қонунларига бориб тақалувчи жавоблар керак. У ракета физикасини бошқалардан яхши тушунади. Мен у миясида еча оладиган вазифаларнинг нақадар чуқурлигига қойил қоламан”.

Жеффри Штробель, Tesla ҳаммуассиси ва техник директори:

“Илонда пул ишлаш қийин – у ҳиссиётга берилувчан. У тер тўкиб, бошқалардан кўпроқ таваккал қилиб, ҳозирги ҳолатига эришган. Мен у қилган ишларни бениҳоя ҳурмат қиламан. Илонсиз ҳеч нарса бўлмас эди. Ўйлашимча, у етакчи бўлиш ҳуқуқига эгалик қилишга лойиқ”.

SpaceX’нинг исмини ошкор қилишни хоҳламаган собиқ ходимларидан бири Вэнснинг китобида шундай дейди:

“Фикримча, инсонларга боғланиб қолиш ва инсонийлик муносабатларининг йўқлиги – Илоннинг энг жиддий камчилиги. Аксарият йиллар давомида ҳормай-толмай унинг қўлида ишлади, кейин эса уларни ўйлаб ҳам ўтирмай, кераксиз буюм каби ташлаб юборишди. Одамлар у учун қуролдек – улардан аниқ мақсад йўлида фойдаланиб, кейин ташлаб юборишган”.

Эшли Вэнснинг ёзишича, Илон Маск раҳбарлиги остида одамлар “иложсиз нарсаларни бажаришади” ва “тарих яратишади”. Маск ўзига қанчалик талабчан бўлса, қолганлардан ҳам шундай фидойиликни талаб қилади.  

Четдан қараганда, бундай позиция аҳмоқона кўриниши мумкин, аммо бу Маскнинг фалсафаси ва у уни ҳамда атрофидагиларни бошлаган ишни охирига етказишга ундайди. 

Долли Сингх Quora’да шундай ёзади:

“Маск билан ишлашни қулай тажриба деб бўлмайди, у ҳеч қачон ўз натижаларидан қониқмайди ва табиийки, бошқаларнинг натижалари ҳам уни қониқтирмайди. У ўзини янада кўпроқ ишлашга мажбур қилади ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилади”.

Top