17:03 / 25.04.2017
5050

Лондон марафони иштирокчиси ҳолдан тойган рақибига маррага етишга ёрдам берди

Британия пойтахтидаги 37-Лондон марафонида спортчи Мэттью Рис ўзини ёмон ҳис қила бошлаган рақиби Дэвид Уайетга финишгача етиб олишга ёрдам берди. У нотаниш рақибига ёрдам бериб, мусобақа натижасини бой берди.

42 километрли масофанинг финиш йўлагида Уайет ҳолдан тоя бошлади. Маррага атиги 300 метр масофа қолганида Рис ўзини ёмон ҳис қилаётган рақибига кўзи тушди ва югуришдан тўхтади.

"Мен унга мусобақани тугаллашга ёрдам беришга қарор қилдим, у ҳар сафар оёққа турмоқчи бўлганида қайта-қайта йиқилаверди. Шунда унга далда бериб "Юр, биз буни уддалаймиз", дедим.

Уайет тинмай "Мен маррага етишим керак, маррага етишим керак", дея такрорларди, бироқ у борган сари мувозанатини йўқотиб борарди. Уни тўғри йўналтириб, маррага етказиш муҳим эди", дея таъкидлади Мэттью Рис.

Спортчи марра чизиғини босиб ўтганидан кейин бу пойга оёқларидаги қаттиқ оғриқ туфайли жуда оғир кечганини айтди.

"Мен марафонни тарк этишдан бир қадам нарида эдим, лекин кейин қандай бўлмасин, маррагача етишим керак, дея қарор қилдим. Дэвидни кўриб, фикрларимиз ўхшаш эканини тушундим. Бизнинг учрашувимиз - тақдирга ўхшайди", деди Рис.

Рис Уайет билан учрашувга қадар марафонни 2 соату 50 дақиқадан камроқ вақт ичида босиб ўтишни режалаштирганди. Охир-оқибат уларнинг иккиси ҳам мусобақани 2 соату 25 дақиқа 26 сония кўрсаткич билан якунлашди.

Риснинг сўзларига кўра, Уайет билан унинг умумий жиҳатлари кўп: иккиси ҳам икки йилча аввал югуришни бошлаган, уларнинг спортдаги мақсадлари ҳам ўхшаш бўлиб чиқди. Спортчилар доимо алоқада бўлишга ҳамда имкон қадар кейинги марафонларда бирга иштирок этишга ваъда беришди.

Top