Ўзбекистон | 09:03 / 25.04.2017
12368
2 дақиқада ўқилади

Меҳнат вазирлиги Япония билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда

24 апрель куни Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов Халқаро алоқалар ташкилоти Президенти Нориаки Суга бошчилигидаги Япония делегацияси билан учрашди. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда томонлар, 2017 йил 1 ноябрь куни кучга кирадиган “Хорижий фуқаролар учун техник амалиёт дастурини тегишли равишда амалга ошириш ва хорижий техник амалиётчилар ҳимоясини таъминлаш тўғрисидаги” янги Қонун талабига кўра, Японияга техник амалиётчиларни юбориш бўйича Ўзбекистон ва Япония ўртасида янги ҳукуматлараро битим лойиҳасини муҳокама қилишди.

Учрашувда Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон ва Япония ўртасида ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатлар ташкил этилгани ва икки мамлакат ўртасида кўп ўхшашликлар бор эканини таъкидлаб ўтди. 

Меҳнат вазири Япония томонини Ўзбекистонда тўқимачилик саноати, ипакчилик, пластик саноати, металлургия, маиший техника, ахборот технологиялари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳалари ривожланиш тенденциялари билан таништириб ўтди. У ўзбек томони Японияда бу тармоқларда фуқароларнинг техник амалиёт ўтишидан манфаатдор эканини таъкидлаб ўтди.

Ўз навбатида, Нориаки Суга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва техник амалиётчилар танлаб олиш бўйича янги механизм ҳамда талаблар, техник амалиётчиларни танлаб олувчи ваколатли орган қайта ташкил этилиши, шунингдек, Япония меҳнат бозорида мавжуд эҳтиёжлар ҳақида маълумот берди.

Япония томони Япония иш берувчиларини Ўзбекистон меҳнат ресурслари салоҳияти ва уларнинг профессионал кўникмалари ҳақида хабардор этиб,  ўзбек техник амалиётчиларини япон корхоналарига жалб этиш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида томонлар Японияга техник стажёрларни юбориш бўйича ҳукуматлараро битимни қисқа муддатлар ичида тасдиқлаш ҳақида келишиб олдилар.

Мавзуга оид