Жаҳон | 20:51 / 27.04.2017
10945
2 дақиқада ўқилади

Ходорковскийнинг ташкилоти офисларида тинтувлар ўтказилди

Фото: kommersant.ru

Россиялик мухолифатчи Михаил Ходорковский асос солган "Открытая Россия" штабида тинтув бошланди, деб маълум қилди ташкилот жамоасининг твиттер-аккаунтида ҳаракат координатори Мария Баронова. "Роппа-роса 16:00да офисга 15 нафар ОМОНчи келди, мен бу пайт кўчада тургандим. Улар билан бирга тасвирга олувчи қурилмалари бўлган бир неча полициячи, гувоҳлар бор эди. Улар ҳеч қандай ордерлар тақдим қилишмади, қўриқчилар уларни 5-қаватга ўтказиб юборишди", деб айтган Баронова.

Тинтувлар ўтказилгани ҳолатини ташкилот асосчиси Михаил Ходорковский ҳам твиттерда тасдиқлаган.

Фото: Twitter.com/@open_election

Ташкилотнинг хабар беришича, тинтувлар сабаблари ҳозирча айтилмаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ташкилотнинг офисда қолган ходимларини телефонлардан фойдаланмасликка чақиришган.  

ТАСС ахборот агентлигидаги манба ташкилотнинг молиявий фаолиятига тегишли ҳужжатлар ва электрон ахборот ташувчилар тортиб олинаётганини маълум қилган.

26 апрелда Россия бош прокуратураси "Открытая Россия"ни номақбул ташкилот деб атаганди. Прокуратуранинг фикрича, ҳаракат "Россиядаги сайловлар натижаларини обрўсизлантириш мақсадида махсус дастурлар ва лойиҳаларни" амалга оширади. Шунингдек, ташкилот норозилик намойишлари ташкиллаштиради ва ички сиёсий вазиятни беқарорлаштиради.  

Фото: Twitter.com/@open_election

Ҳаракат 29 апрелда ҳукумат билан келишилмаган акцияни ўтказишни режалаштирганди. "Надоел" (Жонга тегдинг) деб номланган бу акция ташкилотчилари мэрия томонидан таклиф қилинган муқобил йўналишдан бош тортганлар. 

Кремлда келишилмаган намойишни ўтказишга уриниш ноқонуний фаолиятга чорлаш деб аталди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков "бундай фаолият ҳукуматнинг қонун доирасида муносабат билдиришига олиб келишини" айтган.

Мавзуга оид