Фан-техника | 10:47 / 03.05.2017
10826
2 дақиқада ўқилади

АҚШда робот 14 соат ичида иморат барпо этди

АҚШнинг Массачусетс технологик институтида MIT Media Lab лабораториясининг Mediated Matter гуруҳи олимлари уйлар қура оладиган Digital Construction Platform (DCP) роботлаштирилган тизимини яратдилар. Бу ҳақда The Verge портали хабар бермоқда. 

Таъкидланишича, DCP моҳиятан, гусеницали асосдаги манипулятор-қўлли улкан ричагдир. Манипуляторни турли асбоблар, жумладан монтаж кўпиги учун тўппонча, пайвандлаш қурилмаси, эритилган пластмассани сиқиб чиқарувчи "термопластик экструдер", шприц-тўппонча ва ҳаттоки оддий челак билан ҳам жиҳозлаш мумкин.

Уй қуриш технологияси 3D-босмага ўхшаш бўлиб, бу ҳолатда насадкали манипулятордан фойдаланилади. Бунинг эвазига эса турли ўлчамдаги уйларни қуриш мумкин. Турли насадкалардан фойдаланиб, бинони қуриш учун материал сифатида шиша, муз, шағални қўллаш мумкин.

3,7 тонналик қурилмани яратиш учун 250 минг доллар сарфланди. Роботнинг оригинал шассиси дизель двигатель билан таъминланган, бироқ олимлар қурилмани ўзини таъминлай оладиган қилиш учун қуёш батареялари ва электроприводни қувват билан таъминловчи аккумулятор блоклари билан жиҳозлашди.

Қурилманинг ишлашини исботлаш мақсадида олимлар базавий структурани (бетон қуйиладиган шакл) қуриш прототипидан фойдаланишди. Бу прототип диаметри 15,2 метр ва баландлиги 3,7 метрга тенг гумбаз шаклидаги девордан иборат. Бу прототипни барпо этиш учун роботга 14 соат талаб қилинди.

Олимларнинг айтишича, робот ёрдамида уйларни арзонроқ ва тезроқ қуриш мумкин. Бунда бинонинг ички тузилиши исталган вақтда ўзгартирилиши, қуриш жараёнида қўлланилаётган материаллар, уларнинг зичлигини, изоляцияни ва бошқа хусусиятларни  ўзгартириш мумкин.

Мавзуга оид