20:49 / 03.05.2017
6468

Путин: Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар нормал ҳолатга қайтди

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар нормал ҳолатга қайтди.

"Бир муддат аввал бизнинг икки томонлама муносабатлар пухталикка синовдан ўтди. Ҳозир Россия-Туркия муносабатларидаги тиклаш даври якунланди деб ишонч билан айта оламиз, биз нормал ҳамкорлик муносабатларига қайтмоқдамиз", деб айтди Путин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашув якунларига бағишланган матбуот-анжуманда. 

"Туркия Россиянинг муҳим ва истиқболли ҳамкори ҳисобланади", деб таъкидлаб ўтди Путин. Путиннинг таъкидлашича, Россия ва Туркия икки томонлама муносабатлар асослари ҳақидаги келишувга кўра кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқчи. Май охирида бу келишувга 25 йил тўлади. 

Путин, шунингдек, Эрдўған билан савдо-сотиқдаги чекловлар ва тўсиқларни олиш масалаларини, миллий валюталарда ҳисоб-китобларга ўтиш имкониятини муҳокама қилган.  

Музокаралардаги мавзулардан бири энергетика соҳаси бўлди. Путин "Турк оқими" газ қувури қурилиши ҳақида эслатиб ўтди. Шунингдек, Туркияда "Аккую" АЭСи қурилиши муҳокама қилинди.  

Путин ва Эрдўған икки давлатнинг иқтисодий муносабатларидаги чекловлар масалаларини комплекс ҳал қилишга келишиб олдилар. Бироқ Путиннинг таъкидлашича, Россия ва Туркия муносабатларидаги баъзи чекловлар объектив сабабларга кўра сақланиб қолади.   

Путин россиялик сайёҳларнинг Туркияда хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Путин гуманитар соҳадаги ҳамкорликка тўхталиб, 2019 йилда Россия ва Туркияда икки давлат маданият ва туризм йилларини ўтказиш белгиланганини эслатиб ўтди. 

Путин Россия Туркиянинг баъзи тоифадаги фуқаролари учун виза тартибини юмшатишга тайёрлигини, бироқ икки давлат махсус хизматлари аксилтеррорчилик ҳамкорлигини яхшилаш кераклигини таъкидлаб ўтди. 

Top