Telegram жинояти икки кишининг 7 йилга қамалишига сабаб бўлди
Олмазор туманида икки қиз иштирокида ғалати воқеа рўй берди. Ушбу тушунарсиз ҳолатга Олмазор тумани ИИББ тергов бўлими катта терговчиси Лола Ражабова ойдинлик киритди.
Барчаси 2014 йилда бошланган эди. 18 ёшли Ситора Telegram мессенжери орқали ўзини Абдурасулхўжа деб таништирган йигит билан танишган. Ёшлар бир йил давомида юзма-юз кўришмай, фақат мессенжер орқали мулоқот қилишган. Қизнинг ишончига кирган йигит унга нима қилиш кераклиги борасида буйруқ бера бошлаган.
"Йигит Ситорага у ёқтирган қиз эканини баҳона қилиб, унга интернетда ўтириш, дугоналари билан мулоқот қилишни тақиқлаган, шу билан бирга уни намоз ўқишга чорлаган. Абдурасулхўжа Ситорага Навоий номидаги Кино саройи олдида ўз курьери билан учрашув белгилайди. Қиз рози бўлади, эртасига курьер ва қиз учрашади - Ситора ўзининг iPhone 5s телефонини курьерга беради, эвазига ундан оддий тугмали телефон олади", - дейди терговчи.
Шундан кейин уларнинг муносабатлари Telegram'дан эски SMS-хабарларга кўчади. 2015 йил якунига етаётган эди. Ситора "йигити"нинг илтимосига кўра, курьер орқали унга турли совғалар, пуллар ва ҳатто шахсан ўзи тайёрлаган таом ҳамда пишириқлардан бериб юборарди.
Бироқ 2016 йилнинг бошида вазият бошқача тус олди. Худди шу йигит Telegram'да Ситоранинг 15 ёшли синглиси Мубина билан ёзишишни бошлайди. Сценарий ўша-ўша... Йигит ўзини Жаҳонгир деб таништиради, тўлиқ қизнинг ишончига киради, севги изҳор қилиб, уйланишга ваъда беради. Кейин қимматбаҳо Sumsung телефонини оддий тугмали қурилмага алмаштиради. Муаммоларни рўкач қилиб, унга молиявий ёрдам беришни сўрайди. Сингил опасидан ўтиб тушиб, "севгилиси"га уйдаги қанчадан-қанча буюмларни етказади, у ҳатто қариндошларининг уйидан ҳам ўғирлик қилишга ўтади. Тергов бўлими маълумотларига кўра, умумий зиён 80 миллион сўмдан зиёдни ташкил қилади.
"Энг қизиғи, уйдан пуллар ва қимматбаҳо буюмлар йўқолганда ота-она бунга эътибор беришмаган. Ўша пайтлар уларнинг уйида қурилиш кетаётган, ишчилар бирин-кетин алмашаётган бўлган. Шу боис ота-она буюмларнинг йўқолганини сезган тақдирда ҳам, буни қизларидан эмас, қурувчилардан кўрган", - дея изоҳлайди Лола Ражабова.
Йигит опа-сингилни моҳирона лақиллатган. Қизлар унинг айтганини бажармаган тақдирда "муносабатлар"дан ота-онасини хабардор қилиш ҳамда уларнинг беҳаё суратларини йўллаш билан таҳдид қилган. Бундан ташқари, курьер орқали уларга димедрол етказиб турган. Ота-онаси ҳар хил саволлар берган тақдирда шу доридан ичишни тавсия қилган.
Биринчи бўлиб қизларнинг холаси ташвишлана бошлади, зеро улар келиб кетганидан кейин уйдан буюмлар йўқола бошлаганди, боз устига уларнинг ўзи ҳам жуда ўзгариб қолганди. Қизларнинг ота-онаси билан гаплашган хола Мубинани очиқ суҳбатга чорлади. Охир-оқибат қиз дош бера олмай, барчасини сўзлаб берди. Қизларнинг ота-онаси йигит билан кўришмоқчи бўлишди, бироқ бунинг иложи йўқ эди, зеро фарзандларининг ўзи фақат мессенжер орқали муносабат ўрнатишганди. Мубинанинг воқеасини эшитган Ситора унда ҳам худди шунга ўхшаш ҳолат эканини айтди. Шундан кейин ота-она милицияга ариза ёзишга мажбур бўлди.
Терговчилар билинг орқали хабарларнинг қаердан келаётганини аниқлашга муваффақ бўлишди. Деярли икки йил мобайнида қизларни лақиллатган шахс Ситоранинг дугонасининг қариндоши - Муҳаббат исмли ёш жувон бўлиб чиқди. Маълум бўлишича, Ситора аёлга дугонаси унинг йигитини тортиб олгини ва бунинг учун қасд олмоқчи эканини айтиб шикоят қилган. Муҳаббат қизнинг телефон рақамини олган ва бу воқеалар бошланган.
Натижада уч киши терговга жалб қилинди: Муҳаббат ва унинг икки жияни - курьерлик вазифасини бажарган Дилмурод ва Сабина. Суд ҳукмига кўра, Муҳаббат ва Дилмурод 7 йилга озодликдан маҳрум этилди, Сабина эса суд залида жабрланувчиларнинг унга нисбатан шикояти йўқлиги сабаб озод қилинди.
Мавзуга оид
22:35
Францияда депутатларнинг Telegram аккаунтлари бузиб кирилгани юзасидан тергов бошланди
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
18:03 / 03.11.2024
Telegram мини-иловалар учун янги функцияларни жорий қилади
19:23 / 02.11.2024