18:44 / 05.05.2017
34172

Сўровнома: Араб ёшлари қайси давлатни ўзининг асосий иттифоқчиси деб ҳисоблайди?

Фото: РИА "Новости"

Араб ёшлари учун асосий иттифоқчи энди АҚШ эмас. ASDA`A Burson-Marsteller тадқиқотлари натижалари шундан далолат бермоқда. Buzzfeed шу ҳақида хабар берди. 

Араб мамлакатлари учун асосий иттифоқдош ким экани ҳақидаги саволга 21 фоиз респондент "Россия" деган жавобни берди. Таққослаш учун, ўтган йили атиги 9 фоиз иштирокчи шу фикрда бўлган.

2016 йилги сўровнома етакчиси бўлган АҚШ бу йил ўз позициясини бой берди. Ўтган йили сўроқ қилинганларнинг 25 фоизи америкаликларни ўзининг асосий иттифоқдошлари деб ҳисоблаган бўлишса, эндиликда уларнинг сони 17 фоизни ташкил қилган. 49 фоиз респондент эса АҚШни душман сифатида кўрсатган. 

Тадқиқот маълумотларига кўра, кайфиятнинг ўзгаришига АҚШ ҳукумати тепасига Дональд Трампнинг келиши сабаб бўлган. Респондентларнинг 83 фоизи унга нисбатан салбий муносабат билдирган. У бу кўрсаткичлар бўйича ҳатто Барак Обама (52 фоиз) ва кенжа Жорж Бушни (77 фоиз) ҳам ортда қолдирган. 

7 февралдан 7 мартга қадар ўтказилган сўровномада Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг 16 мамлакатидан 18-24 ёшдаги 3500 нафар киши иштирок этган. 

Top